Ўзбекистонда 19 июнда имзоланган “Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, мактабларда махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўқувчиларда ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмаларини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суицидларнинг олдини олиш бўйича махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатлари йўлга қўйилади.
Social Emotional Learning, SEL умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб дастуридаги мавжуд фанлар ва дарсдан ташқари жараёнлар доирасида ташкиллаштирилади.
Шунингдек, бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларида 2023 йил якунига қадар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг руҳий ҳолат бузилишларида ёрдам кўрсатиш бўйича ҳаракатлар дастури амалиётга жорий қилинади.
Унга асосан:
- руҳий ҳолат бузилишини тиббиётнинг бирламчи бўғинининг ўзида эрта аниқлаш ва даволаш чоралари кўрилади;
- бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари шифокорлари ва бошқа тиббиёт ходимларининг руҳий ҳолати бузилган шахсларни клиник баҳолаш, даволаш ва кузатиб бориш бўйича кўникмалари ривожлантирилади ва билимлари оширилади.
Шунингдек, болаларнинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш ва болалар психоневрологик хизматини такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.
Изоҳ (0)