Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков “Коба санъат мажмуаси” жамиятининг таъсисчиси экани ва бу ноқонуний экани хабар берилган эди.
Вазир Озодбек Назарбековнинг 2016 йил март ойида давлат рўйхатидан ўтказилган “Коба санъат мажмуаси” МЧЖда 100 фоизлик улуш билан таъсисчи эканлиги аниқланган. Бу қонунга зид бўлгани боис жамият таъсисчиси ўзгартирилган.
Ҳолат юзасидан Маданият ва туризм вазирлигига келгусида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун ва коррупцияга йўл қўймаслик чораларини кўриш юзасидан тақдимнома киритилган.
Агентлик матбуот хизматининг “Дарё”га маълум қилишича, тақдимномага асосан Маданият ва туризм вазирлиги марказий аппарати ва унинг қуйи бошқармалари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиши ўтказилган.
“Йиғилишда вазирлик ва унинг таркибидаги барча ташкилотлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик ҳамда коррупцияга йўл қўймаслик принципларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тасдиқланган”, — дейилади Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборотида.
Очиқлик ва шаффофликка бағишланган йиғилишни ким ўтказгани ҳақида маълумот берилмаган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14-октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”да давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгиланган.
Изоҳ (0)