Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг информатика фани ўқитувчиси 8 июнь куни мактаб ўқувчиси ва унинг оила аъзолари томонидан калтаклангани ҳақида хабар тарқалди.
Мазкур хабарга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов муносабат билдириб, бу ишни қилганлар ким бўлишидан қатъи назар қонунда белгиланган тартибда қаттиқ жазоланишини маълум қилди.
“Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 62-сонли мактабнинг информатика фани ўқитувчисини калтаклашда иштирок этган кимки бўлса, уларнинг барчаси қонунда белгиланган тартибда қаттиқ жазоланади. Бу бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига керакли кўрсатмалар берилди. Валламати бўлса ҳам ўқитувчини хафа қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” — деб ёзди Комил Алламжонов.
Кун.узънинг воқеа юзасидан қилган сўровига жавобан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳам муносабат билдирди. Жумладан, вазирлик матбуот хизматининг вазир муносабати, дея тақдим этган изоҳида айтилишича, айни пайтда ҳолат юзасидан ИИБ суриштирув ишларини олиб бормоқда.
“Ҳолатни шахсан ўзим назоратга олдим. Айбдорларнинг қилмишига яраша жазо олиши бўйича чора кўрилиши таъминланади. Мактаб ва ўқитувчига нисбатан бундай муносабатда бўлинишига йўл қўймаймиз”, – дейилади вазир муносабатида.
Изоҳ (0)