Ўзбекистоннинг расмий захира активлари май ойида 837,9 миллион долларга камайиб, 2023 йил 1 июнь ҳолатига кўра, 34,37 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди. Захиралар кетма-кет иккинчи ой камаймоқда.
Маълум қилинишича, мамлакатдаги олтин захираси 980,6 миллиард долларга камайиб, 23,2 миллиард долларни ташкил этмоқда. Қимматбаҳо металлнинг ҳажми 0,3 миллион трой унсияга (9,3 тонна) камайиб, 11,9 миллион трой унсиясини (тахминан 370,1 тонна) ташкил этди.
Шу билан бирга, май ойида олтин котировкаси ҳам бир оз пасайди — унсияси учун 2 034 дан 1987,3 долларгача.
Ўзбекистон ўтган январь—апрель ойларида 3 млрд доллардан ортиқ олтин экспорт қилган. Апрель ойида Ўзбекистон олтин экспортини 650 миллион долларгача қисқартирди. Хорижга қимматбаҳо металл етказиб беришнинг умумий ҳажми 3,06 миллиард долларни ташкил этди.
Олтин захиралари нима учун керак?
Оддий тил билан айтганда, бу суғурта, давлатнинг “хавфсизлик ёстиғи”. Захиралар дунёнинг деярли барча мамлакатларида фавқулодда вазиятлар учун мавжуд.
Захиралар, одатда, юқори ликвидли яъни тез сотиладиган активларда сақланади. Олтин ва хорижий валюта ушбу талабларга жавоб беради — улардан исталган вақтда қарз тўлаш ёки инвестициялар учун фойдаланиш мумкин.
2017 йилгача Ўзбекистон захиралари тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида захиралар 26 миллиардни ташкил этиши маълум бўлган.
Изоҳ (0)