Россия Мудофаа вазирлиги Украинага Ғарб давлатлари берган Леопард танкларининг саккизтасини йўқ қилганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг 5 июнь якунида Жанубий-Донецк йўналишидаги вазият бўйича берган баёнотида айтилади.
Баёнотга кўра, Украина Қуролли кучлари Жанубий Донецк йўналишида, яъни Украинанинг Донецк ва Запорожье вилоятлари маъмурий чегарасида ҳужумни давом эттирган. “Украина Қуролли кучларининг ҳужумчи бўлинмалари ва ҳарбий қисмлари катта зарар кўрди”, — деди Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игорь Конашенков.
Унинг сўзларига кўра, Украина томонининг бу йўналишдаги умумий йўқотишлари бир ярим мингдан ортиқ одамни, 28 та танкни, жумладан, саккизта немис Леопард ва учта француз АМХ-10 танклари, шунингдек, 109 та зирҳли жанговар техникани ташкил қилади. Ушбу баёнотнинг ҳақиқийлигини текшириш имконсиз.
Россия Мудофаа вазирлиги 4 июнь куни Украина армияси Жанубий-Донецк йўналишида кенг кўламли ҳужумни бошлаганини, бироқ Россия Қуролли кучлари ҳужумларни қайтарганини даъво қилмоқда.
5 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Украина армияси асосий кучларини Жанубий-Донецк йўналишидаги Времевский тўсиғига жамлаган ҳолда ҳужумни давом эттирди. Вазирликда айтилишича, Украина Қуролли кучлари “Октябрь” совхози ва Новодонецк яқинида олдинга силжиган.
Украина президенти офиси Россия “ҳали бошланмаган” глобал ҳужумни тасвирлаётганини таъкидлади.
Россия Мудофаа вазирлигининг 5 июндаги баёноти Украинада Леопард танклари йўқ қилингани ҳақида биринчи хабар бўлди.
Россия Мудофаа вазирлиги бир неча бор Россия кучлари Украинада HIMARS ракета тизимларини ишдан чиқарганини таъкидлаган. Аммо АҚШ ҳам, Украина ҳам Россия томонининг даъволарини тасдиқламаган. The Washington Post газетасининг ёзишича, Украина Қуролли кучлари Россияни чув тушириш учун HIMARS’нинг ёғоч моделларидан фойдаланмоқда.
Аввалроқ Bloomberg нашри Германия ва Украинанинг иттифоқчилари жами ҳисобда Украина Қуролли кучларига 112 та Леопард 2 танкини беришга келишгани ҳақида хабар берганди.