Украинада қарши ҳужум учун етарлича қурол бор, деди мамлакат ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Reuters агентлигига берган интервьюсида.
Агентлик ёзганидек, Украина Россия томонидан босиб олинган ҳудудларини қайтариб олиш учун бир неча ойдан бери ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда, Киев бу ҳужумда Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан тақдим этилган танклар, зирҳли техникалар ва артиллерия кўмагидан фойдаланади.
Кулеба интервьюда Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми бошланган-бошланмагани ҳақида маълумот бермади. Унинг таъкидлашича, ҳужум қачон бошланиши аҳамиятли эмас, балки у Украина қўшинларининг ғалабаси билан якунланиши ва бу Украинанинг НАТОга қўшилишига имкон бериши муҳим.
“НАТОга аъзолик бу урушни тўхтата олмайди, аммо кейинги урушларнинг олдини олади. Шунинг учун минтақада хавфсизликни таъминлашнинг энг яхши йўли Украина НАТОга аъзо бўладиган лаҳзага етиб бориш”, — деди Кулеба. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий альянсга аъзолик “эҳтимоли” Украина учун фаол ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейингина пайдо бўлиши мумкин.
Вазирнинг қўшимча қилишича, иттифоқчилар украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатиш бўйича келишувга эришганидан сўнг, Украина учун кейинги асосий мақсад — НАТОга аъзо бўлиш.
“Биз барча қуролларни блокдан чиқардик. Бу борада курашадиган катта нарса қолмади”, — деди Кулеба.
Россия Мудофаа вазирлиги 4 июнь куни Украина Қуролли кучлари Жанубий-Донецк йўналишида, яъни Украинанинг Донецк ва Запорожье вилоятлари маъмурий чегарасида, Угледар яқинида ҳужум бошлаганини эълон қилди. Россия ҳарбийлари ҳужумни қайтаргани айтилмоқда. Украина президенти офиси “глобал ҳужум” ҳали бошланмаганини билдирди.
Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр 5 июнь куни Украина Қуролли кучлари “айрим йўналишларда” ҳужумга ўтганини, “Бахмут йўналиши эса жанговар ҳаракатлар маркази бўлиб қолаётганини” ва Украина жанубида “маҳаллий жанглар” бўлаётганини айтди.