Эрон президенти Иброҳим Раисийни олиб кетаётган вертолёт 19 май куни Озарбайжон билан чегарадаги Жулфа шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Вертолётни қидириш учун камида 40 та қутқарув гуруҳи жалб этилган, қуюқ туман қутқарув жараёнини қийинлаштирмоқда.
Эрон ички ишлар вазири Аҳмад Ваҳидига кўра, президент вертолёти туман туфайли “қаттиқ қўниш”ни амалга оширган. Бортда Иброҳим Раисийдан ташқари Эрон ташқи ишлар вазири Амир Абдуллаҳён ва Шарқий Озарбайжон губернатори Оятуллоҳ ал-Ҳошим бўлган. Вертолёт ҳалокатга учрашидан олдин Эрон раҳбари Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Давлат раҳбарлари Арас дарёсидаги тўғон очилиши маросимида иштирок этган.
Ноқулай об-ҳаво шароити ва қуюқ туман туфайли авиаҳалокат содир бўлган ҳудудга вертолётлар қўна олмаган. Натижада қутқарув операциясини қуруқликдан амалга оширишга тўғри келган. Вице-президент Муҳаммад Махбар бошчилигидаги Эрон ҳукумати делегацияси президент Раисий вертолёти ҳалокатга учраган жойга йўл олган. Қутқарув операцияси президент ва вертолёт топилмагунча давом этиши таъкидланмоқда.
Эронда аҳоли ҳалокатга учраган президент ва ҳамроҳларига омонлик тилаб, улар ҳаққига дуо қилмоқда.
Исми ошкор этилмаган Эрон расмийси Reuters агентлигига “ҳали ҳам умидвор эканликлари, бироқ вертолёт қўнган жойдан келаётган хабарлар жуда жиддий хавотирларни келтириб чиқараётгани”ни айтди. У Эрон президенти ва ташқи ишлар вазирининг ҳаёти “хавф остида” эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)