Россия собиқ президенти, амалдаги Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Twitter’даги саҳифасида Буюк Британиянинг исталган амалдори Россиянинг қонуний ҳарбий нишони сифатида кўрилиши мумкинлигини ёзди.
Медведев Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверлининг Киев ўзини ҳимоя қилиш ва Россиянинг Украинага зарба бериш қобилиятига путур етказиш учун ўз чегараларидан ташқарида куч ишлатишга ҳақли, деган сўзларига шундай жавоб қайтарган. Клеверли бундай твитни Москвага дронлар ҳужумидан кейин ёзганди.
Медведев ўзининг “қонуний ҳарбий нишонлар” ҳақидаги баёнотини изоҳлар экан, “замонавий уруш олиб боришни тартибга солувчи умумеътироф этилган халқаро ҳуқуқ” доирасида Буюк Британия Россия билан урушаётган давлат сифатида таснифланиши мумкинлигини айтди.
Бугунги кунда Буюк Британия Украинанинг иттифоқчиси бўлиб, унга техника ва мутахассислар кўринишида ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда, яъни амалда Россияга қарши эълон қилинмаган уруш олиб бормоқда. Бундай ҳолда, унинг ҳар қандай мансабдор шахси қонуний ҳарбий нишон деб ҳисобланиши мумкин.
30 май куни эрталаб Москвадаги учта кўп қаватли уйга дронлар келиб урилди. Бинолар вайрон бўлган, икки киши тиббий ёрдамга мурожаат қилган.
Россия Мудофаа вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумда Украинани айблаб, воқеани “теракт” деб атади. Ўз навбатида, президент Владимир Путин Москвага учувчисиз учоқлар ҳужуми “икки-уч кун аввал” Россиянинг Украина ҳарбий разведка бошқармасига берган зарбасига жавоб эканини айтди.
Россия Тергов қўмитаси теракт моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. Украина расмийлари ҳужумга алоқадорлигини рад этмоқда.
Изоҳ (0)