Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сингапур президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 24 май куни Кўксарой қароргоҳида Сингапур раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.
Президент Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қарши олиб, шоҳсупага таклиф қилди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Шундан сўнг президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
“Биргаликда суратга тушишдан сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди”, — дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сингапур президенти Ҳалима Яқуб 23 май куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганди. Олий мартабали меҳмон ва Сингапур делегацияси аъзолари “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди, Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги ривожланиши ва ушбу бетакрор мажмуанинг яратилиши тарихи билан танишди, миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашди. Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)