Россия ва Грузия ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар қайта тиклангани муносабати билан 19 май куни кечқурун Тбилиси марказидаги парламент биноси яқинида норозилик намойиши ўтказилди.
Журналистлар Грузия мухолиф партиялари томонидан эълон қилинган ушбу митингга мингга яқин одам чиққанини хабар қилишди. Намойишчилар парламент биноси жойлашган Руставели проспектини эгаллаб, транспорт ҳаракатини тўсиб қўйган.
Намойишчиларнинг хавотирига кўра, Россияга парвозларнинг қайта тикланиши сабаб Европа Иттифоқи Грузияга иттифоққа аъзо бўлишга номзод мақомини беришдан бош тортиши мумкин.
19 май куни сўнгги тўрт йилдан бери Россиядан Грузияга биринчи тўғридан тўғри рейс амалга оширилди ва “Азимут” авиакомпаниясининг самолёти Тбилиси аэропортига қўнди. Грузия мухолифати тарафдорлари аэропортда норозилик намойиши ўтказди.
Россия ҳукумати 10 май куни Грузия фуқаролари учун виза режимини ва бу мамлакат билан тўғридан тўғри рейсларни тақиқлаш қарорини бекор қилди. Бу ҳақдаги фармонни Россия президенти Владимир Путин имзолаган.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили буни танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, тўғридан тўғри рейсларнинг қайта тикланиши ва визаларнинг бекор қилиниши “Россия Украинага қарши тажовузни давом эттириб, Грузияга тегишли ҳудудларни оккупация қилаётган бир пайтда номақбулдир”.
Изоҳ (0)