Наманган халқаро аэропорти томонидан ўтказилган 1 миллиард 440 миллион сўмлик давлат хариди бекор қилинди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Наманган халқаро аэропорти МЧЖ буюртмачилигида “Комплекс тозалаш (ободонлаштириш) хизматини кўрсатиш” юзасидан 2023 йил 2 май куни ўтказилган давлат харидида қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди.
Хусусан, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талабларига амал қилинмаган.
Ушбу харидда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган талабгорнинг ҳужжатлари харид комиссиясининг икки нафар аъзолари фойдаланган компьютер (ИП-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича давлат хариди ўтказилган куннинг ўзида харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди ва қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.
Агентлик тақдимномасига биноан Наманган халқаро аэропорти МЧЖ томонидан 3 май куни харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинди.
Изоҳ (0)