Сурхондарё вилояти Шеробод туманида шаърий никоҳидаги аёлини теша билан уриб, бўғиб ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 2022 йил ноябрь ойида эркак 1989 йилда туғилган, турмушидан ажрашган, беш нафар фарзанднинг онаси бўлган аёл билан танишган. Кейинчалик улар шаръий никоҳ асосида турмуш қурган. Аёл ўзининг 11 ёшли ногирон фарзанди билан у билан яшаб келган.
Орадан икки ой ўтмасдан уларнинг ўртасида жанжал содир бўлган. Судланувчи турмуш ўртоғининг бошқа шахслар билан ишқий муносабатда бўлганини гумон қилиши оқибатида жанжаллашган.
2023 йил 2 январь куни соат 23:45 да судланувчи ўз уйида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда фарзандининг кўз ўнгида турмуш ўртоғини калтаклаган. Шунингдек, уйда бўлган темир дастали теша билан аёл танасининг дуч келган жойларига уриб, бўғиб ўлдирган.
Суд ҳукмига асосан эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси билан айбли деб топилди ва ўн олти йилга қамалди.
Изоҳ (0)