“Ўзтемирйўлйўловчи” байрам кунлари учун “Афросиёб” поездига чипталар сотиб олиш имкони йўқлиги ҳақида фуқаролар билдирилаётган фикрлар ва мурожаатларга муносабат билдирди.
Унда айтилишича, Ўзбекистонда анъанавий тарзда нишонланадиган байрамлар, қишки таътил, қолаверса сайёҳлик мавсуми мобайнида темирйўл транспортига бўлган талаб ортмоқда. Темирйўл транспорти хавфсиз ва ишончлилиги боис, йўловчилар жўнаш муддатидан 1 ой ва ундан ҳам олдинроқ чипталар харид қилмоқда. Шу сабабли, байрамлар арафасида чипталар етишмаслиги кўпчиликда нотўғри тушунча уйғотмоқда.
“Йўловчи поездларга чипталар 45 кун олдиндан сотувга чиқарилади, шу муддатда йўловчилар чипталарни чиптахоналарда ёки электрон тарзда расмийлаштиришлари мумкин. Чипталарни узраилwайтиcкец иловаси ҳамда chipta.railway.uz сайти орқали 45 кун олдиндан йўловчилар харид қилиб олишлари мумкин”, — дейилади муносабатда.
“Ўзтемирйўлйўловчи” имкониятдан келиб чиқиб, байрам арафаси ва байрам кунларида қўшимча йўловчи поездлар, қўшимча вагонлар ҳам қўйиб келинаётганини билдириб ўтган. Жумладан, 20,22 апрель кунлари Тошкент—Хива—Тошкент йўналишида 2 та қўшимча рейс, 21—24 апрель кунлари “Самарқанд—Тошкент—Самарқанд йўналишида 4 та қўшимча “Афросиёб” ҳаракати қўйилган.
Маълум қилинишича, ҳозирда ҳар куни юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та “Афросиёб” поездининг 12 та қатнови амалга оширилмоқда. Республиканинг барча ҳудудларига эса 30 га яқин йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилган. Темирйўл транспорти орқали бир суткада 25 000 дан ортиқ йўловчи ўз манзилига етказиб қўйилмоқда. Самарқанд, Бухоро, Қарши каби шаҳарларга нафақат “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезди балки бошқа йўловчи поездларда ҳам ҳаракатланиш мумкин.
Элерктрон чипта расмийлаштиришда турли саволлар юзасидан +998 99 190 50 05 рақамига қўнғироқ қилиш ёки Telegram иловасида @chiptarailwayuz га мурожаат қилишингиз мумкинлиги қўшимча қилинган.
Изоҳ (0)