Эстонияда 2022 йилнинг 9 майида танк-ёдгорлик ёнига “СССР” ёзуви туширилган футболка кийиб келган эркак жаримага тортилди.
ERR маълумотларига кўра, маҳаллий аҳоли вакили Нарва ва Нарва-Йиэсуу шаҳарлари ўртасида ўрнатилган ёдгорлик олдига “СССР” ёзуви ва Совет Иттифоқи герби туширилган қизил футболкада келган. Суд 9 май куни бундай кийимларнинг намойиш этилишини халқаро жиноятни оқлаш билан боғлиқ провокация деб атади.
Бундан ташқари, суд мажлисида эркак Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясини қўллаб-қувватлашини айтган. У 444 евро миқдорида жаримага тортилди.
Эстонияда урушни қўллаб-қувватлаганлик учун жазолар
2022 йилнинг ёзида россиялик эркак Таллин рус армияси томонидан “икки соатда” босиб олиниши мумкинлиги ҳақида видео эълон қилган эди. У нафрат қўзғаш ва халқаро жиноятни оқлашда айбланиб, ҳибсга олинган.
Август ойида эстониялик фуқаро Украина байроғига оёғини артгани учун уч ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Кузда эса суд Украинанинг давлат байроғини ерга улоқтириб, уни ёқиб юборган эркакни шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Шунингдек, Эстонияда Россия армияси ҳисобига 40 евро ўтказган аёл судланди.
Изоҳ (0)