Украина президенти Владимир Зеленскийга яқин манбанинг CNN телеканалига берган интервьюсида айтишича, АҚШнинг махфий ҳарбий ҳужжатлари интернетга сизиб чиққани сабабли Киев айрим ҳарбий режаларини ўзгартирган.
Нашр мақоласида бу режалар нимадан иборатлиги ва уларга қандай ўзгартиришлар киритилгани ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.
CNN февраль ўрталари ва март ойи бошида тайёрлангани тахмин қилинаётган жами 53 та махфий ҳужжатни ўрганиб чиқди. Улардан бири АҚШ Зеленскийнинг ортидан жосуслик қилаётганини кўрсатади. Украина президентига яқин манбанинг сўзларига кўра, бу ажабланарли эмас, бироқ украиналик расмийларнинг ҳафсаласи маълумотлар тарқалиб кетганидан пир бўлган.
Электрон разведка натижалари асосида тузилган Америка ҳисоботларидан бирида айтилишича, Зеленский февраль ойи охирида “Россиянинг Ростов вилоятидаги рус қўшинлари жойлашган нуқталарга дронлар ёрдамида зарба беришни таклиф қилган”, аммо Украинада бундай узоқ масофали қуроллар йўқ.
CNN хабарига кўра, бу маълумот АҚШнинг Киев Россия ҳудудига зарбалар бериш учун ишлатишидан қўрқиб узоқ масофали ракета тизимларини Украинага беришни истамаслиги ҳақидаги оммавий баёнотларини тушунтириши мумкин.
Айни пайтда АҚШ Мудофаа вазирлиги “сизиб чиққан” ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшираётганини маълум қилди. Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх ушбу ҳужжатларнинг Қўшма Штатлар ва иттифоқчиларининг миллий хавфсизлигига таъсирини баҳолашга ҳам ҳаракат қилинганини таъкидлади.
Reuters агентлигининг АҚШ расмийларидаги манбаси маълум қилишича, терговчилар маълумотлар сизиб чиқишининг тўртта асосий назариясини кўриб чиқмоқда: булар ходимларнинг норозилигидан тортиб, АҚШ миллий хавфсизлигига путур етказиш учун қасддан қилинган саботажни ўз ичига олади.
АҚШ махфий ҳужжатларининг интернетда тарқалиши
Ғарб ОАВлари апрель ойи бошида ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган Пентагон махфий ҳужжатларининг сиздирилиши ҳақида хабар бера бошлади. Эълон қилинган ҳужжатларда Қўшма Штатлар нафақат потенсиал рақиблари, балки иттифоқчилари устидан ҳам жосуслик қилаётгани ҳақида даллилар, шунингдек, АҚШ ва НАТОнинг Украина Қуролли кучларини бўлажак қарши ҳужум олдидан қандай тартибда тайёрлаш режалари мавжуд.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бундай хабарларни изоҳлар экан, “Россия АҚШ ёки НАТОнинг Украинадаги можарога бевосита ёки билвосита алоқадорлигига шубҳа қилмаслигини” айтди. Украина президенти офис раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган Украина ҳужуми ҳақидаги ҳужжатларни фотошоп деб атади.
Изоҳ (0)