Беларусь Литва билан чегарага ўнлаб танкларини тортиб келди, деб хабар бермоқда “Беларуски Гаюн” мониторинг гуруҳи.
Хабарга кўра, 6 апрель куни тунда Литва билан чегарадан 9 километр узоқликдаги Гудогай темир йўл вокзалига Беларусь қуролли кучларининг камида 20 та техникаси ортилган поезд келган.
Мониторинг гуруҳи маълумотларига кўра, эшелондаги техникалар орасида камида 10-15 та T-72B / B3 танклари, шунингдек, зирҳли транспорт воситалари, пиёдалар жанговар машиналари ва МТ-LB техникалари бор.
“Гаюн” техникалар Уруче туманида (Минск) жойлашган Беларусь қуролли кучларининг 120-бригадасига тегишли эканини қайд этди.
Аввалроқ украиналиклар Беларусь билан чегарада катта экран ўрнатгани ҳақида хабар берилганди. Унда Зеленскийнинг беларусларга мурожаати ва ўлдирилган Буча аҳолисининг жасадлари кўрсатилмоқда.
“Бельсат” хабарига кўра, Беларусь халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида Украина томонидан чегарада Беларусь байроғи ҳам ўрнатилган. Нашр ўқувчиларининг айтишича, экрандаги трансляция Беларусь ҳудудида яққол кўриниб, эшитилиб туради.
Изоҳ (0)