Салиб юришларига энг муносиб жавоб бера олган буюк саркарда, ислом тарихида ўзининг шонли ва зафарли юришлари ҳамда адолатли ҳукм юритиши ила тилларда достон бўлган улуғ султон Салоҳиддин Юсуф Айюбий ҳисобланади. “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида у ҳақида ҳикоя қилади.
XI аср охирларида салиб юришлари даври бошланади. Рим папасининг чақириқларидан руҳланган Ғарбий Европа рицарларида Фаластин томон ошиққан. 1099 йилда улар Қуддусни мусулмонлардан тортиб олган. Аммо орадан 88 йил ўтгач, ислом вакиллари салибчиларни муқаддас заминдан қувиб чиқаришга муваффақ бўлади. Уларга Сурия ва Миср ҳукмдори Салоҳиддин Айюбий бошчилик қилганди. Салибчилар ундан ниҳоятда қўрқар, мусулмонларнинг эса унга ҳурмати юқори эди. У умри давомида камтарликни сақлаган ҳолда тўғри йўлдан оғишмаган. Салоҳиддин ҳақидаги афсоналар авлоддан-авлодларга ўтиб, ҳозирги кунга қадар етиб келган.
Мисрнинг машҳур султони Салоҳиддин ким эди?
Салоҳиддин Айюбий милодий 1171-1193 йилларда Миср, Шом, умуман, ғарбда Тунис ерларигача, шарқда Фирот дарёсигача, шимолда Мўсил ва Ҳалабдан то жанубдаги Ямангача бўлган ерларда – ҳатто Ҳижоз ўлкаси: муқаддас Макка-Мадинада ҳам адолатли ҳукмронлик қилган.
Салоҳиддин Айюбий аввалига Мисрни шиалар ҳукмронлигидан тортиб олган, сўнг 1187 йили 4 июлда француз, норман, инглиз, испанларга қарши курашиб, иккинчи салиб юришини тор-мор келтириб, Қуддусни озод қилган.
1138 йили Курдистонда жойлашган Тикрит шаҳри ҳукмдори Айюб ибн-Шоди оиласида Юсуф исмли ўғил дунёга келади. Бу вақтда ҳали ҳеч ким болакай келажакда Салоҳиддин бўлиб улғайишини билмасди. Курдистон парчаланиб кетган турк-салжуқийлар давлати таркибида эди. Вазият шундай тус оладики, ўғли туғилган куннинг эртасида Айюб Тикритни тарк этишга мажбур бўлади.
Унинг укаси Ширкух ғазаб ўтида обрўли салжуқийлардан бирини ўлдириб қўяди, шу боисдан Айюб укаси билан Тикритдан чиқиб кетиш йўлини танлайди. У Мосул ҳукмдори (ҳозирги Ироқ ҳудуди) Зангининг ёнига йўл олади. Бу вақтга келиб Ироқ ҳудудлари салжуқийлар давлатидан тўлиқ ажралиб чиққанди. Занги бор имкониятини ишга солиб, ўз таъсир доирасини кенгайтиришга уринган ва 1130-1140 йилларда Сурия ҳамда Ливан ҳудудларидаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаган, 1144 йилда эса у салибчиларда Эдессани тортиб олганди.
Занги бир вақтлар Айюб томонидан кўрсатилган ёрдамни унутмаган. Уни ва укаси Ширкухни ҳарбий саркарда лавозимларига тайинлаб, уларга Ливандаги тоғли ҳудудда жойлашган Баълабак шаҳрини ишониб топширган. Айюб оиласи билан у ерга йўл олади. Унинг рафиқаси, Салоҳиддининг онаси ҳақида эса ишончли маълумотлар йўқ. Оилада яна бир неча фарзанд бўлган, бироқ қаҳрамонимиз уларнинг тўнғичи ёки кенжаси бўлганми — бу ҳам номаълум. Нима бўлганда ҳам тахмин қилиш мумкинки, Салоҳиддиннинг болалиги вақтида Баълабакда вазият нисбатан тинч ўтган. У беш ёки олти ёшида Қуръон ўқишни ўрганган, аммо 1146 йилда Занги ўз хизматкори томонидан ўлдирилгач, шаҳардаги осуда ҳаёт якунига етган.
Салоҳиддин болалигидан ҳарбий тайёргарликка эмас, балки илм-фанга қизиққан. У алгебра, геометрияни ўрганган, Евклид қолдирган илм меросларидан хабардор бўлган. Бу вақтларда 14 ёшли йигит жангчи ҳисобланган, шу сабабли 1152 йилда Салоҳиддин Сурия шимолидаги Ҳалаб шаҳрига йўл олади. Ушбу ҳудудлар Зангининг ўғли Нуриддинга тегишли эди, амакиси Ширкух эса унинг саройида юқори лавозимда бўлган. Салоҳиддин бу ерда ҳарбий хизмат ўташ мажбуриятини берадиган ерга эгалик ҳуқуқини қўлга киритади.
1154 йилда Салоҳиддин отасининг ёнига, Дамашққа қайтган. Вазият сабаб Айюб ва Ширкух ўзаро келишиб, шаҳарни Нуриддинга қон тўкилишларсиз топширишни режа қилади. Айюбнинг ушбу ҳаракати мукофотсиз қолмаган: у Дамашқни Суриянинг янги ҳукмдори номидан бошқаришга киришган.
Салибчилардан қатор ҳудудларни қайтариб олган Нуриддин одил ва қўли очиқ ҳукмдорлиги билан ном қозонган. У ҳашаматга қизиқмаган ва давлатнинг барча даромадини хайрияга, йўллар ва карвонсаройлар қуришга, савдони ривожлантиришга сарфлаган. Дамашқни ўз салтанатининг пойтахтига айлантирган Нуриддин Салоҳиддинни ўзига яқинлаштириб, уни ҳукумат муассасаларидан бирини назорат қилишга масъул лавозимга тайинлайди. Унинг раҳбарига эса бундай юқори лавозимни 16 ёшли йигит эгаллагани ёқмаган, бироқ Нуриддин уни бирор кимга хафа қилдириб қўймасди.
Мисрга биринчи юриш
1163 йилда 26 ёшли Салоҳиддин кутилмаганда амакиси Ширкух билан Мисрга юриш қилиш буйруғини олади. Мисрнинг бўлажак ҳукмдорига бу ёқмаган: “Бутун Мисрни қўлга кирита олсам-да, у ерга боришни истамайман”, — деганди у, аммо амакиси йигитнинг сўзларига қулоқ тутмаган.
Мисрга юриш мамлакат вазири Шавар ўзининг сиёсий рақибига ютқазиб қўйиб, Сурияга қочгани ва Нуриддиндан ҳарбий ёрдам сўраганидан кейин бошланганди. Мисрдаги Фотимийлар халифалиги шиа мазҳаби эътиқод қилган, Нуриддин эса сунний бўлиб, ушбу мамлакат ишларига аралашмаслиги керак эди, аммо Сурия ҳукмдори Қуддусга эга чиққан салибчилар Мисрни эгаллашга интилаётганини сезади ва бунга қарши чиқишга қарор қилади.
Ширкух унинг буйруғи билан Сурия қўшинларини Мисрга бошлаб боради ва ортиқча қийинчиликларсиз Шаварни ҳокимиятга қайтаради. Бироқ маккор вазир олдинроқ берган ваъдасида турмайди, аксинча, бунинг ўрнига салибчилар билан тил бириктиради. Натижада уруш юзага келади ва у “дурранг” билан якунланади: иккала томон ҳам Мисрни тарк этишга келишади. Нуриддиннинг Мисрни ўз назорати остига олиш режаси амалга ошмайди, тўқнашувдан фойда кўрган ягона инсон Шавар эди.
Салоҳиддин Мисрга биринчи юриши давомида кўзга ташланарли бирор иш қилмаган. Шунга қарамай, Ширкух ўз жиянига қаттиқ ишонган ва у билан маслаҳатлашиб турган. Салоҳиддин жанг майдонида ўзини моҳир жангчидек тутганининг ўзи катта аҳамиятга эга эди.
Сурия армиясининг қайтишидан хавотирга тушган Шавар Қуддус қироли билан ҳарбий иттифоқ тузади. 1167 йилда Юқори Миср ҳудудида Сурия қўшинлари мисрликлар ва салибчилар қўшинига қарши жанг қилган. Душманларини катта йўқотишлар эвазига ер тишлатган Ширкух Искандарияни эгаллашга муваффақ бўлади, аммо салибчиларга етиб келган ёрдам кучлари шаҳарни қамал қилишни бошлайди.
Искандарияни жиянига топшириб, қамални ёриб ўтган Ширкух иттифоқ кучлари билан орқадан зарба беришни бошлайди. Салоҳиддин эса қамалдаги қўшинлари билан душман ҳужумларини қайтариб турган. Кучлар ва озиқ-овқат захиралари тугаб борар, вазият кундан-кунга оғирлашар эди. Бу ҳам етмаганидек шаҳарда ўлат эпидемияси бошланади. Ширкухнинг тактикаси уч ойдан кейин ўз мевасини бера бошлаган: сурияликлар ва салибчилар ўртасида тинчлик музокаралари бошланади. Миср ҳудудини ҳеч бир тўсиқсиз тарк этиш имконияти Сурия қўшинларининг муваффақияти эди.
Салоҳиддин бу урушда барча жиҳатдан ўзининг яхши томонларини намоён этади, аммо у Нил қирғоқларига бошқа қайтишни истамаган. Амакисининг ҳам бу ерларда қайта жанг қилишини хоҳламаган. Аммо 1168 йилнинг ноябрида яна Миср томон қўшин тортилади. Бу сафар Нуриддин Мисрнинг расмий ҳукмдори, Шаваранинг ҳаракатларидан норози халифа ал-Адиддан ёрдам сўрайди. Насронийлар қўли билан мусулмонларга қарши жанг қилган вазир бир нечта шаҳарларга “лотин” гарнизонларини жойлаштиришга рози бўлади.
Мисрда бошидан ўтказган азобларини унутмаган Ширкух керакли воситалари етишмаслиги сабаб юришда иштирок этишдан бош тортади. Бундан хабар топган Нуриддин ўз ғазнасига “унга пул ажратилсин” дея буйруқ беради. Амакиси ортидан жангда қатнашишга мажбур бўлган Салоҳиддин ўзларини худди қатлга юборишаётгандек ҳис қиларди.
Қўлдан бой берилган ҳокимият
Шикрух бошчилигидаги Сурия армияси Миср томон ҳаракатланаётган бир вақтда, салибчилар Билбейс шаҳрида қирғин уюштириб, бу орқали мисрликларнинг оммавий норозилигини юзага келтирган. Шавар ҳам Миср ҳокимияти тепасига насронийлар келишини хоҳламаган. Салибчилар 1168 йилда Қоҳирани қамал қила бошлагач, вазир унинг жанубидаги қадимий Фустат шаҳрига ўт қўйишни буюрган.
Бу пайт вақтдан ютиш учун халифа салибчилар билан музокаралар бошлаб, улар учун улкан товон пули тайёрлаб қўяди. Сурия қўшинлари эса Қоҳирага яқинлашиб, 1169 йил 8 январда шаҳарни қаршиликсиз эгаллайди. Ширкухни халоскор сифатида қарши олишади. Шу билан бирга, мамлакатдаги ҳақиқий бошқарувни унинг жияни амалга оширган.
Ширкух ўз ғалабаси нашидасини икки ойгина тотган. 23 март куни ўзининг юҳолиги билан танилган Ширкух тушлик вақтида таомга тиқилиб қолади ва вафот этади. Шундан кейин ҳокимият табиийки Салоҳиддин қўлига ўтган, халифа ҳам бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаган. Шундай қилиб, 29 ёшли курд Миср тепасига келади.
Салоҳиддиннинг янги ҳолати жуда ўнғайсиз эди. Бир тарафдан у Фотимийлар халифалигида вазир лавозими эгаллаб, Мисрда ҳақиқий ҳокимиятга эгалик қилса, бошқа томондан Сурия султони Нуриддиннинг вассали эди. Лавозимлардан бири иккинчисини рад этар ва эртами-кеч Салоҳиддин улардан бирини танлаши лозим эди — Нуриддинга боғлиқлигига барҳам бериш ва шу орқали қўллаб-қувватловдан маҳрум бўлиш, ёки Мисрни Зангилар томонидан асос солинган салтанатнинг бир қисмига айлантириш.
Бундан ташқари, Сурия аҳли сунний, Миср — шиа эди. Ушбу мазҳаб вакиллари ўзаро жанг қилиб келар, шу сабабдан ҳам сунний бўлган Салоҳиддиннинг шиалар давлатидаги сиёсий фаолияти диний характерни юзага келтирарди.
Вазир ўзини намунали мусулмон сифатида кўрсатишга уринган. У Фотимийлар халифалигининг юқори мартабали амалдорларини ҳокимиятдан четлатган ва уларнинг ўрнига ўзига содиқ сурияликларни тайинлаган, уларга ер-мулк ажратган. Янги вазирга қарши Мисрда яшовчи 50 минг суданлик бош кўтарганида Салоҳиддин уларни бостирган. Шундан кейин у Мисрга денгиз орқали ҳужум қилишга уринган салибчиларни йўқ қилади. Ёш вазир буларнинг барчасини ярим йил ичида амалга оширган.
Мамлакатда мутлақ ҳокимиятни қўлга киритган Салоҳиддин 1170 йил февралида отаси Айюбни Damasҳдан Қоҳирага келишга таклиф этади. Нуриддин унинг ўғли ёнига боришига рухсат беради, бу ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашига умид қилган.
Салоҳиддин ҳокимият тепасига келганидан икки йил ўтгач, у Қоҳирада суннийлар ҳуқуқ мактабига асос солади, шиа қозилари ўрнига, сунний мазҳабига мансуб қозиларни тайинлаган. Нуриддин Салоҳиддинни Фотимийлар халифалигини бутунлай яксон этишга ва шиа мазҳабига эътиқод қилишни тақиқлашга чақирган, бироқ у бу каби қарор оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришини айтиб, рад жавобини берган.
1171 йил сентябрда халифа оғир бетоб бўлиб қолганида Салоҳиддин Аббосийлар наслидан бўлган янги халифани тайинлаш бўйича буйруқ чиқаради. Аббоснинг авлодлари Боғдодни бошқарган ва расман барча суннийлар етакчиси ҳисобланган, шу боисдан Салоҳиддин бу ҳаракати орқали Мисрда суннийлар давлати қурилишидан дарак берарди. Орадан 10 кун ўтгач Фотимийларнинг сўнгги халифаси вафот этади ва бу собиқ вазир, амалдаги султонни нафақат ҳақиқий, балки Мисрнинг ҳукмдорига айлантиради.
Бироқ расман Салоҳиддин ҳамон Нуриддиннинг вассал ҳисобланарди. Шундай бўлса-да, кўп ўтмай у Сурия жанубидаги Шаубак шаҳрига юриш амалга ошириб, уни қамал қилади. Натижада Миср ва Сурия уруш ёқасига келиб қолган. Бу каби кескин вазиятда Салоҳиддиннинг отаси ўғлига бор ғазабини сочган: “Агарда Нуриддин бизга сенинг бошингни олишни буюрса, ҳеч иккиланмасдан буни амалга оширган бўлардик”. У ўғлини Нуриддиннинг олий ҳукмронлигини тан олишга чақирган, аммо ёлғиз қолганларида ўзининг айтган гапларига қўшимча қилган: “Нима учун мақсадингни ошкора намойиш этишинг керак? Вақт сенинг фойдангга хизмат қилади. Аллоҳнинг ўзига бизга ёрдам беришини кут”.
Ўғлини урушдан қутқариб қолган Айюб 1173 йилда отдан йиқилиб тушиб вафот этади. Кейинги йилнинг май ойида Мисрга юриш вақтида кутилмаганда Нуриддин ҳам оламдан ўтиб, ҳокимиятни 11 ёшли ўғли ас-Солиҳга қолдириб кетади.
Нуриддиннинг атрофидагилар Салоҳиддинни “тирранча” дея ҳисоблаган, аммо улар орасида Миср ҳукмдорига қаршилик кўрсатадиган етакчи йўқ эди. Салоҳиддин Фотимийлардан ўзига қолган бойликларни ўзлаштириб олмаган, балки унинг катта қисмини қўл остидагиларга бўлиб берган, қолганини давлат ғазнасига йўналтирган эди — бу мамлакатда унинг обрўси янада ошишига хизмат қилган. У ўзига яқин бўлган инсонларга сарой қурдирган, ўзи эса расмий қароргоҳда яшашни давом этган. Худди Нуриддин каби Салоҳиддин ҳам янги шаҳарлар ва касалхоналар бунёд этган, одил ҳукмдор сифатида ном қозонган.
1174 йил октябрда, Нуриддин ўлимидан беш ой ўтиб, у Дамашққа мактуб йўллайди: “Шуни эътиборга олингларки, марҳум султонимиз менга ас-Солиҳга ғамхўрлик қилишни ишониб топширган”. Бу эса Нуриддиннинг ўрнини эгаллаш учун даъво эди. Нуриддиннинг амалдорлари тўқнашувдан қочишни маъқул кўрган, шу боисдан Салоҳиддин 700 нафар отлиқ билан Дамашққа келганида, унинг дарвозалари эътирозсиз очилган.
Суриянинг эгалланиши
Салоҳиддин Дамашқни ўз назоратига олиб, ўзини ас-Солиҳнинг васийси сифатида тутган. Аммо бўлажак шоҳ учун Салоҳиддин ҳақиқий душманлигича қолган. 1174 йил ёзидан бошлаб ас-Солиҳ яшаган Ҳалаб шаҳри Салоҳиддинга қарши мухолифат марказига айланган.
Шу йилнинг декабрида васий Ҳалабни қуршаб олади, ас-Солиҳ эса шаҳар аҳолисини мамлакатда ҳокимиятни ноқонуний қўлга киритган инсондан ўзини ҳимоя қилишга чақиради. Ҳалаб аҳли ас-Солиҳ тарафида бўлиб, унинг чақириқларига жавоб берган.
Салоҳиддин ёвуз инсон сифатида кўринишни истамай, Ҳалабни эгаллаш режасидан воз кечади, бунинг ўрнига Боғдод халифасидан ўзининг Миср ва Сурия ҳукмдори сифатида тан олинишига эришади. Суннийлар раҳнамоси уни Сурия ва Миср султони дея эълон қилгач, Салоҳиддиндан ас-Солиҳнинг васийси бўлиш талаб этилмасди. У барча расмий ҳужжатларга ўз номини киритиб, давлат тангаларини зарб эттиради.
Мутаассиблар террори
Юзага келган вазиятда ас-Солиҳ Салоҳиддинга деярли ҳеч қанақа қаршилик кўрсата олмасди. Шунда у ассасинлар деб аталувчи радикал шиа-мутаассибларига ўз душманини ўлдиришни сўраб, мурожаат қилади. Улар Фотимийлар халифалигини яксон этган Салоҳиддинни ёмон кўрар ва ас-Солиҳнинг топшириғини бирор-бир мукофотсиз ҳам бажаришга киришади.
XI аср охирларида пайдо бўлган шиа ассасинлар сектаси таниқли суннийларни ўлдириш билан шуғулланган, улардан ҳатто салибчилар ҳам қўрққан. Ҳозирга қадар етиб келган миш-мишларга кўра, секта аъзолари гашиш истеъмол қилган: “ассасин” (“қотил”) сўзи ушбу гиёҳванд модда номида келиб чиққан.
Ассасинлар Салоҳиддинни ўлдиришга биринчи марта 1175 йилда уриниб кўради. Ўшанда улар чодир ичидаги соқчилар томонидан тўхтатиб қолинган. Султонга эса ҳеч қандай зиён етмаган: уни совути қутқариб қолган. Аммо юз берган воқеадан кейин у ассасинлар сектасига қарши курашни бошлайди. Икки ойдан кейин Салоҳиддин уларнинг қоя тепасида жойлашган таянч пунктига ҳужум уюштиради.
Бир ойдан кейин томонлар келишувга эришгач, қамал тўхтатилади. Гап-сўзларга кўра, Салоҳиддин ўз режаларини сирли таҳдид сабаб ўзгартирган. Бир сафар у чодир ичида кимдир борлигини ҳис қилиб уйғониб кетади ва заҳарли ханжарга қистириб кетилган мактубга дуч келади: “Сен бизнинг назоратимиз остидасан”. Шу билан бирга, соқчилар Салоҳиддиннинг чодирига бирор ким кирганини сезмаганди. Бундан ташқари, чодирнинг кириш қисмига сепиб қўйилган қумда ҳеч қанақа из ҳам қолмаган.
1176 йил июлда ас-Солиҳ билан ярашиб олган Салоҳиддин Нуриддиннинг 38 ёшли бевасига уйланади. Шу орқали у ўзини марҳум султоннинг ҳақиқий давомчиси сифатида кўрсатишга интилган. Маълумотларга кўра, Салоҳиддининг тўрт ёки беш нафар хотини ва улардан 17 нафар ўғил ва бир қизи бўлган. Ўғилларининг тўнғичи Афдал бўлиб, у 1160 йилда дунёга келган…
Сурия ва Мисрнинг бирлашуви Византия императори Мануил I билан иттифоқ тузган салибчиларни саросимага солиб қўяди. Фаластинга граф Филипп Элзасский бошчилигидаги янги рицарлар бўлинмаси етиб келади, улар византияликлар қўллаб-қувватлови остида Мисрга юриш қилиши керак эди. Бироқ Филипп турли баҳоналар билан ушбу мамлакатга боришни истамай, Сурия томон йўл олади.
Вазиятдан фойдаланиб, Салоҳиддин ўз қўшинларини ҳимоясиз қолган Фаластин томон бошлайди. Қуддус қироли Болдуин IV 500 нафар рицари билан Ашеклонга яширинади. Салоҳиддин ушбу қалъани қамал қилишни бошлайди, бироқ кейин Қуддусга юришни амалга оширишга киришган. У ерда ваҳима бошланган. Қирол ўзининг кичик бўлинмаси билан 1177 йил 27 ноябрь куни кутилмаганда ўзидан кучли қўшинга зарба бериб, Салоҳиддинни Мисрга қочишга мажбур этади.
Муқаддас уруш
1181 йил августда ас-Солиҳ 18 ёшида Ҳалабда вафот этади. Унинг мероси учун бошланган баҳсларга бир неча укаси, жумладан, Масъуд ҳам қўшилган. Кейинги йилнинг май ойида Салоҳиддин Сурияга йўл олиб, ака-укаларнинг можаросига аралашади. У Жазира томон (Шимолий Ироқ) томон юриш қилиб, Зангилар сулоласига тегишли бу ерларни эгаллаб олиш ниятида эди. Мосулни эгаллаш режаси амалга ошмаган, бироқ 1183 йил майида Салоҳиддин Ҳалабни қўлга киритади ва шаҳарнинг янги раҳбари Сайфуддин Гази II га дахлсизликни тақдим этади.
1180 йилда Салоҳиддин салибчилар билан жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича битим тузган. Тинчлик битми қирол Болдуин IV мохов билан оғир касаллангани, Салоҳиддин эса Сурияни бирлаштиришни якунлашга интилаётгани сабаб тузилади. Аммо Керек шаҳрини бошқариб келган Рено (Рейналд) де Шатилён қасддан битимни бузган: у Дамашқдан Арабистон томон ҳаракатланаётган сурияликлар карвонига ҳужум уюштиради. Кейин эса қароқчилар флотилиясини қуроллантириб, Қизил денгизга юборган. Қароқчилар арабларнинг денгиз карвонларига ҳужумлар уюштирган. Буларнинг барчаси мусулмонлар учун муқаддас бўлган ҳаж мавсумида амалга оширилган.
1183 йил сентябрда Салоҳиддин Керекни қамал қилади, аммо мустаҳкам қалъани эгаллашга муваффақ бўлмайди. 1185 йил мартда қирол Болдуин IV вафот этгач, тахтга унинг 6 ёшли жияни ўтиради. Шу билан бирга, Салоҳиддин Мосулга ҳужум уюштириб, кейинги йил мартда Масъудни ҳокимиятдан ағдаришга эришади.
Салибчилар орасидаги келишмовчилик авж олган. 1186 йил сентябрда Қуддуснинг ёш қироли кутилмаганда вафот этади ва тахтга Ги (Гвидо) де Лузинян ўтирган. Собиқ регент Раймонд III, Триполи ҳокими ва унинг сиёсий рақиби ҳокимиятни қўлдан чиқаргач, Рено яна назоратсиз қолиб кетади. 1187 йил бошида у яна бир бор Қоҳирадан Дамашққа кетаётган карвонга ҳужум уюштирган. Босқинда Салоҳиддининг синглиси асир тушиб қолади. Рицарнинг бу каби иши ислом оламни вакилларининг нафратига сабаб бўлади ва Салоҳиддин уни ўлдиришга қасам ичади.
Султон эҳтиёткорлик билан иш кўра бошлайди. Аввалига у Ренога элчи юбориб, ўғирлаган нарсаларини қайтаришни ва синглисини озод этишни сўрайди. У бўлса элчини қабул қилишни истамайди, шунда султон қирол Гидан босқинчини жазолашни талаб қилади. Аммо ҳақиқий ҳокимиятга эга бўлмаган ҳукмдор бирор чора кўра олмасди.
Буюк ғалаба
1187 йил мартда Салоҳиддин ўз амирларини муқаддас уруш — жиҳодда иштирок этишга чақиради. Бунга жавобан кўп сонли мусулмон қўшинлари Миср, Сурия ва Жазирадан Дамашққа етиб келади.
2 июль куни мусулмонлар армияси Раймонд III нинг рафиқаси томонидан бошқариладиган Тиберия шаҳрига ҳужум уюштиради. Салоҳиддин салибчиларни шу ерга жалб этишни режалаштирган. Салоҳиддин стратегиясидан бехабар бўлган қирол Ги Раймонд III нинг маслаҳатига қулоқ тутмайди: “Биз рафиқамнинг қалъасини йўқотадиган бўлсак ҳам сўнгги дақиқаларгача тўқнашувдан қочишимиз керак”.
Эртаси куни тонгда салибчилар душман томон ҳаракатланади. Улар ярим кунда Тиберияга етиб боришни мақсад қилган, бироқ мусулмонлар қўшини қаршилигига дуч келиб, кунботарда шаҳардан ўн километр узоқликдаги Хаттин тепалигига етиб боради. Христианлар чодирларни тиклаши биланоқ Салоҳиддин Айюбий аскарларига қароргоҳ атрофидаги жуда кўп ўсувчи қуруқ буталарни ёқиб юборишни буюради. Қуюқ тутун осмонни қоплайди ва шундоқ ҳам сувсизликдан қийналаётган салибчиларнинг нафас олишни қийинлаштиради. Узоқ йўл юрган ва иссиқдан тинкаси қуриган салибчилар қўшини қароргоҳини Айюбий лашкари камон ва арбалетдан ўққа тутади…
Асирга олинганлар орасида қирол Ги ва Рено ҳам бор эди. Улар Салоҳиддиннинг ёнига олиб келинганида султон манфур рицарни қиролнинг кўз ўнгида бошини олишни буюради. Бир йилдан кейин товон пули эвазига султон қиролни озод этади. Бу вақтда уруш давом этар ва Салоҳиддин ўз ғалабасининг мевасидан тотишга шошарди.
Қуддуснинг эгалланиши
Мусулмонлар армияси Қуддус қироллигининг асосий бандаргоҳи бўлган Акрени қуршаб олади, Салоҳиддин Яфа, Торон, Байрут ва Аскалон каби шаҳарларни эгаллагач, 1187 йил сентябрда Қуддус томон ҳаракатланади. Салоҳиддин Фаластин пойтахти аҳолиси билан шаҳарни жангсиз топшириш бўйича музокаралар бошлашга уринади, бироқ улар ўзларининг жанговар руҳларини намоён этиб, бу мавзуда гаплашишни ҳам истамайди.
20 сентябрга келиб Қуддусни қуршаб олган мусулмонлар армияси сони 20 мингга етади. Шаҳарда эса бутун Фаластиндан 60 минг жангчи тўпланган бўлса-да, интизомни йўқотган христианларга бу ёрдам бермайди. 29 сентябрь куни мусулмонлар шаҳар деворларни бузиб ўтади ва шундан кейин Қуддус аҳли тинчлик музокараларини ўтказиш илтимоси билан чиқади. Салоҳиддин бунга жавобан шунда деган: “Бунга қадар тинчлик музокаралари ўтказишдан бош тортганингиз сабаб сўзсиз таслим бўлишдан бошқа йўлингиз қолмади”. Салибчилар эса бунга жавобан: “Биз шаҳардаги мусулмонларнинг масжидларини вайрон қилиб, 5 минг асирни ўлдирамиз”. Охир-оқибат Салоҳиддин товон пули тўласа, Қуддус аҳлига раҳм-шафқат кўрсатишга қарор қилади.
Октябрь ойининг иккинчи санасида Салоҳиддин кўзида ёш билан Қуддусга киради. Қуббат ас-Саҳро (Қоя гумбази) масжидидаги хоч олиб ташланган, Қуддус кўчалари мусулмонларнинг хурсандчилиги бақир-чақирлари билан тўлганди.
Изоҳ (0)