Украинанинг Житомир вилоятида, Беларусь билан чегарада Россия—Украина уруши тасвирларини кўрсатувчи катта экран ўрнатилди.
Экрандаги роликни “Белсат” нашри чоп этди ва уни чегарадаги ўқувчилари юборганини таъкидлади. Экранда Александр Лукашенконинг Украинага бостириб кирган Россияни қўллаб-қувватловчи баёнотлари, Россиянинг Украина ҳудудини, жумладан, Беларусдан туриб ўққа тутгани ҳақидаги лавҳалар акс эттирилган.
Видеода, шунингдек, Буча шаҳрининг Россия томонидан босиб олиниши пайтида ҳалок бўлган бучаликлар жасадлари сурати ва Украина президенти Владимир Зеленскийнинг беларусларга мурожаати акс этган.
☝️ Бітва білбордаў на мяжы Украіны з Беларуссю працягваецца
— Belsat TV (@Belsat_TV) April 5, 2023
На мяжы Жытомірскай вобласці з'явіўся вялізны праектар, з якога, як адзначаюць чытачы, што даслалі нам відэа, добра відаць і далёка чуваць праўду пра вайну ва Украіне, палітыку Лукашэнкі і падтрымку беларускага народу. pic.twitter.com/dV0JVAKFcF
“Белсат” хабарига кўра, Беларусь халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида Украина томонидан чегарада Беларусь байроғи ҳам ўрнатилган. Нашр ўқувчиларининг айтишича, экрандаги трансляция Беларусь ҳудудида яққол кўриниб, эшитилиб туради.
Беларусь Давлат чегара қўмитаси экран ўрнатилганига ҳозирча изоҳ бермади, деб ёзади “Зеркало”. Аввалроқ вазирлик Украина чегарачиларининг “провокациялари” ҳақида шикоят қилган эди. Айтилишича, улар Беларусга дронлар юборган, Украина мадҳиясини куйлаган ва “Ҳозир граната отаман” деб қичқирган.
Бундан ташқари, аввал ҳам иккала давлат чегарага билбордлар осиб қўйишган: унда украиналиклар беларусларни “руслар каби босқинчи бўлмасликка” чақирган, бунга жавобан беларуслар “ҳақиқий босқинчилар”ни топишга ваъда берган ва “Беларуснинг ёдида” ёзуви билан Иккинчи Жаҳон уруши фотосуратларини намойиш қилган.
Изоҳ (0)