АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг жияни, америкалик адвокат Роберт Кеннеди президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод сифатида иштирок этиш учун ариза берди, деб ёзмоқда CNN.
АҚШ Федерал сайлов комиссияси Кеннедининг ҳужжатларини қабул қилган. Ариза топширилганини Роберт Кеннеди штаби ғазначиси Жон Салливан тасдиқлади, деб хабар бермоқда телеканал.
Кичик Роберт Кеннеди 69 ёшда. У 1965—1968 йилларда Нью-Йорк штатидан сенатор ва АҚШнинг собиқ Бош прокурори (1961—1964) бўлган Роберт Кеннедининг ўғли. Катта Роберт Кеннеди эса 1963 йилда Далласда отиб ўлдирилган АҚШ собиқ президенти Жон Кеннедининг укаси. Акаси каби Роберт Кеннеди ҳам сайловолди кампанияси пайтида отиб ўлдирилган.
Кичик Роберт Кеннеди ҳуқуқшунос ва атроф-муҳит фаоли. У шунингдек, коронавирусга қарши вакцинация ҳақидаги фикрлари билан ҳам танилган. Кеннеди эмлашга қарши чиққан ва АҚШ расмийларининг пандемияга қарши курашдаги ҳаракатларини бир неча бор танқид қилган, деб ёзади CNN.
Кеннеди президентликка номзодини қўйиш режаларини март ойида Twitter’да эълон қилганди. “Агар маблағ йиға олсам ва ғалаба қозониш учун етарлича одамларни сафарбар қилишга эришсам, мен пойгада иштирок этаман”, — деб ёзган у.
АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилга белгиланган. Анъанага кўра, сайлов ноябрда, сайланган президентнинг инаугурацияси эса кейинги йилнинг январь ойида бўлиб ўтади. Президентлик сайловларида қатнашиш ниятини ҳозиргача Жанубий Каролина штатининг собиқ губернатори Никки Хейли, бизнесмен Вивек Рамасвами ва АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп маълум қилган.
Изоҳ (0)