Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистон солиқ тушумлари ўрганилди. Бу ҳақда “Дарё”га марказ матбуот хизмати хабар берди.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг февраль ойида мамлакат солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,9 фоизга ошган.
Жумладан, Жиззах (39,5 фоиз), Тошкент (25,7 фоиз), Навоий (23,4 фоиз), Самарқанд (22,3 фоиз) ва Андижон (19,4 фоиз) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (21 фоиз) ва Тошкент шаҳрида (26,9 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Солиқ тушумлари манбалари кесимида ҚҚС 15 фоизга, даромад солиғи тушумлари 24 фоизга, мол-мулк солиғи 31 фоизга ва ер солиғи 18 фоизга ошди, бу эса ой охиригача ўсишни сақлаб қолди.
Аввалроқ ҚҚСнинг 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши нархларнинг тегишли равишга тушишига олиб келмагани ҳақида хабар берилганди.
ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганининг асосий сабаблари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- Истеъмол товарлари бозорида хуфиёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржасини ошишига йўналтирилиши;
- Бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани;
- Нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва бошқалар) таъсир кучининг ошиб бориши.
Изоҳ (0)