Хитой олимлари инсон мия ҳужайраларини сичқонларга кўчириб ўтказиб, дофамин даражасини ошириш йўлини топди. Бу ҳақда South China Morning Post хабар берди.

Трансплантация қилинган ҳужайралар сичқонларда хавотирни камайтириб, роҳатланиш туйғусини кучайтирган. Олимларнинг фикрича, бу усул келажакда турли нейропсихиатрик касалликларни даволаш учун қўлланиши мумкин.
Бизнинг тадқиқотимиз носоғлом мия занжирларини ҳужайра терапияси орқали қайта тиклаши мумкин. Бу руҳий касалликларни даволашда самарали эканини кўрсатади, дейди тадқиқотчилар.
Бугунги кунда депрессия дунё бўйича юз миллионлаб одамларга таъсир қилмоқда. Баъзи беморларда эса даволашга чидамли депрессия кузатилади. Бундай пайтда ангедония — илгари ёқимли бўлган нарсалардан ҳам завқ ола олмаслик ҳолати юзага келади. У кайфият яхшилангандан кейин ҳам давом этиши мумкин.
Дофамин ишлаб чиқарувчи махсус ҳужайралар — дофаминергик нейронлар мотивация, мукофот ва ҳаракатни бошқаришда муҳим рол ўйнайди. Депрессияга чалинган ангедонияли беморларда дофамин фаоллиги пасайиб кетади.
Ўрта мияда уч турдаги дофаминергик нейронлар мавжуд: А8, А9 ва А10. Уларнинг ичида А10 нейронлари айниқса завқ ва рағбат билан боғлиқ хатти-ҳаракатларда асосий аҳамиятга эга. Тадқиқотда яратилган сунъий нейронлар худди А10 нейронлари каби хусусиятларга эга бўлди. Уларни сурункали стресс сабабли депрессияга тушган сичқонларга кўчириб ўтказилганда, уларнинг хулқ-атвори ижобий ўзгарган.
Бу тадқиқот оғир депрессияни даволашда А10 нейронларига асосланган терапия самарали бўлишини кўрсатади ва ҳужайра терапиясидан руҳий касалликларда ҳам кенгроқ фойдаланиш мумкинлигини исботлайди, дейди олимлар.
Изоҳ (0)