Винсент ван Гог — нидерландиялик энг машҳур рассомлардан бири. Ҳаётлигида тан олинмаган, бироқ ҳозирда картиналари миллионлаб доллар турувчи ижодкор. Масалан, 2021 йил 11 ноябрь куни Christie’s аукционида устанинг учта картинаси 154 миллион долларга сотилган. Дарё “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида аянчли тақдирни бошидан ўтказган ван Гог ҳақида ҳикоя қилади.
Унинг бутун мероси — бу нафақат ғаройиб картиналар, балки чап қулоғидан айрилиши билан боғлиқ аянчли тақдир ҳамдир. Охирги 100 йилда ушбу савол бир неча бор кўтарилган, аммо тадқиқотчилар бир овоздан “Ван Гог нима учун бу ишни амалга оширди?” деган саволга жавоб бера олгани йўқ.
1890 йил 27 июль куни Винсент ван Гог Париждан бир неча километр наридаги Овер-сюр-Уаз қишлоғида, қалъа ортида жойлашган буғдой даласига чиқиб, ўз кўксига ўқ узган. Бу вақтга қадар рассом 1,5 йилдан буён — Арле шаҳрида устара билан чап қулоғини кесиб ташлаганидан бери руҳий касалликдан азият чекарди. Ушбу аянчли воқеадан кейин у тез-тез хаёлини йўқотиб, кунлаб, баъзида ҳафталаб реалликдан узилиб қоларди. Умуман олганда, ақлий узилишлари оралиқларида у хотиржам бўлган ва картиналарини чизишни давом эттирган.
Бундан ташқари, 1890 йил майида руҳий шифохонадан чиқиб, Оверга кўчиб ўтганидан кейинги ван Гог ҳаёти унинг ижодидаги энг ёрқин давр ҳисобланади: 70 кун ичида у 75 та картина, юздан ортиқ сурат ва эскизлар чизган. Шунга қарамай, у ўзини ёлғиз ҳис қилган ва умри беҳуда сарфланганини ўйлаб, чуқур қайғуга ботган. Охир-оқибат рассом уй эгасига тегишли кичикроқ револверни қўлга киритади ва июль охиридаги якшанба куни дала майдонига чиқиб кетади.
Ван Гог олган револвер кучли эмасди, шу сабабли рассом тепкини босганида ўқ юракни тешиб ўтиш ўрнига, қовурғага тегиб, йўналишини ўзгартириб юборган. Ван Гог ҳушини йўқотган ва ерга йиқилган. Кеч тушганида ўзига келиб, у бошлаган ишини охирига етказиш мақсадида револверни қидиришга тушган, аммо топа олмай, яна меҳмонхонага қайтган — бу ерда рассом учун шифокорни чақиришган.
Содир бўлган воқеа ҳақида ван Гог укаси Теога хабар берган, эртаси куни у етиб келган. Қанчадир вақт давомида Тео Винсент омон қолади деб ўйлаган, бироқ унинг ҳаётини сақлаб қолишга кеч эди. Ўша машъум тунда 37 ёшли рассом оламдан ўтади. “Мана шундай кетишни истагандим, дея у бир неча дақиқа ётди ва барчаси якунланди. У ерда топа олмаган ҳаловатига эришди”, — деб ёзганди Тео ўз рафиқаси Йоханнага.
Ван Гогга бирор аниқ ташхис қўйилмаган (охирги ўн йилларда кўплаб фаразлар илгари сурилган — тутқаноқдан тортиб, шизофрения ва алкоголизм, психопатия ва руҳият бузилишигача).
Винсент ван Гогнинг таржимаи ҳоли шуни кўрсатадики, у болалигидан онасининг хулқ-атворига жуда ўхшаб кетган жиловсиз характерга эга бўлган. Ота-онаси уйидан узоқдаги мактаб, жавобсиз биринчи севги ва оилавий ҳаётни тартибга солишга уриниш унинг аллақачон ҳис-туйғуларга тўла ҳаётини мураккаблаштириб юборган. Ушбу ҳиссиётлар ўз услубини топгунига қадар унинг полотноларида турли рангларда тасвирланган.
Ота-онадан мерос қолган характер
Теодор ван Гог оиласидаги биринчи фарзанд туғилибоқ вафот этган. Унинг ортидан Винсент дунёга келган ва унга бундай исм бежизга берилмаган — бу “ғалаба хитоби” дегани эди. Ёш болакайнинг ўлган акаси билан қандай алоқаси бўлгани номаълум, аммо у тез-тез унинг қабрига бориб турган, узоқ вақтгача қабр бошида ун чиқармай ўтираверган.
Винсентнинг отаси Теодор ван Гог насл-насабли инсон эди ва аждодлари каби динга қаттиқ берилган. У доимо хушмуомала бўлгани учун ташриф буюрувчилар эркакни ҳурмат қилган. Винсентнинг онаси Анна Корнелия Карбентус эса турмуш ўртоғига мутлақо зид табиатга эга эди. Унинг феъли шу қадар тез ўзгарар эдики, бир зумда юмшоқ аёл ғазаб отига минарди. Аёл тез-тез хаёлларга берилиб, узундан узоқ мактублар ёзар, ҳаёт ҳақида фикр юритар ёки турли ҳайвонлар ва ўсимликлар тасвирини чизарди. Винсент ҳам худди у каби икки томонлама характер эгаси эди.
Оилада кейинчалик ҳам бошқа фарзандлар дунёга келган, аммо рассом Тео ва синглиси Вил билан яқин эди. Улар билан ўйнаш асносида турли ҳиссиётлар пайдо бўлар ва кайфияти бир зумда ўзгариб кетарди. Ван Гог ўйинқароқ болакайдан осонгина кескин гапиришга ўтар ва ҳатто қўполлик ҳам қилиши мумкин эди. Қишлоқдошлари эса уни доим хотиржам ҳолатда кўрган, шу сабабли у кўпчиликнинг хотирасида босиқ ва ибратли бола сифатида қолган.
Иккиланиш ҳолати нафақат унинг хатти-ҳаракатида, балки эрта бошланган ижодида ҳам кўзга ташланади. У тупроқдан бирор шакл ясаши ёки бирор нима чизиши мумкин эди ва ўз қувончи билан бўлишиш учун онаси ёнига чопарди. Аммо узоқ вақт ва меҳнатини сарфлаган барча ишини вайрон қилиш учун бир сония кифоя қиларди.
Ван Гогнинг ўзи ҳам табиати онасидан ўтганини тан олиб келган. У кўп маротаба аҳмоқона ҳаракатларни содир этишга мажбурлаган ҳиссиётлар ичида жўш ураётганини таъкидлаган. Рассом ҳатто ўз ҳаракатларидан уялган, аммо бунинг олдини олиш имконсиз эди. Винсент ван Гог кўпинча охиригача ўйламай қарорлар қабул қилганини тан олади.
Ван Гогнинг шахсий ҳаёти ва жавобсиз севги
Фарзандининг ривожланишидан қайғурган Винсентнинг ота-онаси уни ётиб таълим олинадиган пансионатга топширган. Бу болакайнинг ҳиссиётларига қаттиқ таъсир кўрсатган. У ўзини ёлғиз ва ташлаб кетилгандек ҳис қилган. Кейин расм чизишга урғу бериладиган иккинчи мактаб Винсентга маъқул бўлган, лекин у ерда узоқ қолмай, уйига қайтган.
Винсентнинг шахсий ҳаёти ҳақида унинг ота-онаси рассомни картиналар савдоси билан боғлиқ тижорий фаолиятга йўналтирганидан бошлаб гапириш мумкин. Бу ерда у ўзини қулай ҳис қилган, Англияга кўчиб ўтиш эса унга шу вақтга қадар етишмаган озодлик, тўқлик, музейларга ташрифлар ва биринчи севги каби ҳисларни тақдим этган. Аммо қиз бошқа бир йигитга унаштирилгани сабаб Винсентга рад жавобини берган. Ошиқ йигит учун бу оғир зарба ва қалб оғриғи эди. У рад жавобидан тушкунликка тушиб, яқинларига ёзган мактубларида Худо ва дин ҳақида фикрлар билдиришни бошлаган. Винсент келажаги зимистон билан қоплангани боис олдинда ўзини бирор яхши нарса кутмаяпти деб ҳисоблаган. Шу каби ўй-хаёллар билан у яна уйига қайтганида, ота-онанинг ҳайрати ошган.
Рассом ҳаётига иккинчи муҳаббати 28 ёшида кириб келган ва у меҳмонга келган узоқ қариндоши Корнелия эди. Винсент у билан кўп вақт ўтказган ва қизни севиб қолганини тан олган. Рассом юзага келган ҳис-туйғулардан илҳомланган, кўп ёзган ва уйланиш ҳақида орзу қилган. Аммо бу ерда ҳам уни умидсизлик кутиб турарди — йигит қизнинг рад жавобини қабул қила олмаган. Йигитнинг хиралигидан безор бўлган қиз уларникидан чиқиб кетган, бироқ бу ҳам Винсентни тўхтатиб қола олмаган — у ҳам қизнинг ортидан йўл олган. Корнелиянинг ота-онаси йигитга уни хушламаётганликларини билдирган, шундан кейин у кафтини ёниб турган шам устига тутиб, қиздан кафти қанчага чидаса, шунча муддатга учрашув таклиф этган. Корнелиянинг отаси шунчаки шамни пуфлаб ўчириб, йигитни қувиб солган. Ҳиссиётларга бой йигитнинг иккинчи муҳаббати шундай якун топганди.
Омадсиз севги қиссасидан кейин ван Гог Гаагага кўчиб ўтади. Мауве исмли мураббий унга бошпана топиш ва студия очишга ёрдам берган. Аммо ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги дўстона муносабат тезда якун топади. Тахминларга кўра, Муаве йигитча ким билан яшаётганидан хабар топган. Бу вақтда эса Винсентнинг ҳиссиётлари яна жўш урганди. Эндиликда йигит 5 ёшли қизи бор ҳомиладор фоҳишага кўнгил қўяди. Рассом уни ўзи билан яшашга таклиф қилган ва бу орқали Муавенинг норозилигини келтириб чиқарган.
Siena билан биргаликдаги ҳаёт узоқ давом этмаган. Аёлнинг ўтмиши уларга босим берган, ван Гогнинг ота-онаси ўғлининг бу ишини оқламаган ва уларга яшаш учун ҳам пул етмасди. Картиналар сотилмагани сабаб кун кечириш қийинлашган. Натижада Винсент босимларга чидай олмай, Сиенa ва унинг фарзандларини қолдириб, бошқа шаҳарга кўчиб кетган.
1888 йилда спиртли ичимлик ва тамакига муккасидан кетган ван Гог Арл шаҳарчасига кўчиб ўтади. Унинг калласида фақат битта ғоя айланган: ижодий жамият! Ижодкорлар жамиятидан ҳам ажойиброқ нима бўлиши мумкин? Улар бир-бирини илҳомлантирган ҳолда, буюк санъат асарларини яратадилар. Винсент ижодкорлар марказига айланиши мумкин бўлган кичик сариқ уйчани ҳам режалаштира бошлаган. Бунинг учун у “12 та кунгабоқарли гулдон”, “Тунги террасадаги кафе”, “Рона узра юлдузли кеча”, “Кечки кафе” каби картиналарини чизган.
Бу вақтга келиб рассом импрессионист парижликлар таъсиридан қутулган ва ўз услубини яратишни бошлаган эди: ёрқинлик, экспрессивлик, тўйинганлик. У тинмай меҳнат қилгани боис ўзидаги ижодий ўсишни ҳис қила бошлаган. Айнан шу муддат унинг ижодидаги энг ёрқин даврлар ҳисобланади: Винсент икки йилда 200 дан ортиқ картина яратган.
Винсент дўсти Пол Гогенга шундай деганди: “Ишлаётганимда ҳам сиз ва мен доимий яшашимиз мумкин бўлган, дўстларимиз ижодий боши берк кўчага тушиб қолган пайтларда бошпана бўладиган студия яратиш ҳақида ўйлашдан тўхтамаяпман”. Париж муҳитидан кўнгли қолган Гоген ҳам унинг гап-сўзларига ишониб, 1888 йил кузда Арлга келганди.
Аввалига ҳаммаси яхши кетган — дўстлар биргаликда сурат чизган, режалар тузган ва кўп вақтларини сайрларга бағишлаган. Шунга қарамай, ўртада келишмовчиликлар бошланган: ван Гог дўстига ортиқча ғамхўрлик қилган ва ундан ҳам шу каби муносабатни кутган, бироқ табиатан кибрли ва манман бўлган Пол Гоген ўзини катта олиб, тенг ҳуқуқда ҳамкорлик қилишни истамаган.
Аниқ маълумотлар йўқ, аммо рассомлар сув тошқинлари сабаб бир неча кун уйда қамалиб қолганида ван Гог устара билан Гогенга ташланиб қолгани айтилади. Жанжалдан кейин Винсент уйига қайтган, дўсти олдида айбини ювиш умидида қулоғини кесиб ташлаган. Шундан кейин у кесилган қулоқни қоғозга ўраб, яқин атрофдаги фоҳишахонага борган, у ердан таниш қиз орқали қулоқ бўлагини Гогенга бериб юборган. Бу вақтга келиб эса Гоген Арлни тарк этиб бўлганди.
Винсент руҳий ҳолатидаги муаммолар сабаб шифохонага ётқизилади. Шифохонадан чиққач эса ўзининг сариқ уйига қайтиб, ишлашни давом эттирган ва ўзини мутлақо соғлом ҳис қилаётганини таъкидлаб келган. У ҳатто Гоген билан ёзишмаларини тиклайди: Винсент унга жуда кўп ва тез-тез мактуб йўллаган, Пол эса камдан кам ҳолларда, шунда ҳам, қуруқ жавоблар қайтарган.
Рассомнинг руҳий касаллиги ҳеч қаерга йўқолмаган эди: ван Гог уйқусизлик, галлюцинация ва таъқиблар маниясидан азият чеккан. Талвасага тушганида ўзини даволаётган шифокорларни танимай қолар ва бўлар-бўлмас гапларни такрорларди. Арл аҳолиси ван Гогни телба дея атаб, уни якка сақлаш лозимлиги ҳақида петиция ёзганларидан кейин вазият ёмонлашган.
Куз ва совуқлар бошланиши билан рассомнинг аҳволи ёмонлашган. Винсент шифохонада даволаниш вақтида барча харажатларни укаси Тео тўлаётгани учун ўзини айбдор ҳис қилиб, ишлашни давом эттирган. Рождество арафасида ван Гогнинг касаллиги авж олади. Шундай кунларнинг бирида у шифохона деразасидан термулганча “Юлдузли тун” картинасини чизган.
Кутилмаганда Европадаги журналларнинг бирида танқидчи Албер Орьенинг ван Гог ижодидан ҳайратга тушгани ҳақида катта мақоласи чоп этилади. Винсент ўзини бундай мақтовларга лойиқ дея ҳсиболамагани учун ажабланган. Наҳотки унинг меҳнатини қадрлашни бошлашган бўлса?
Винсентнинг кўнгли хотиржам эмасди. Тез-тез касаллик ўзини кўрсатар, у талвасага тушиб, сал ўзига келгандан кейин ҳеч нарсани эслай олмасди. “Маҳбуслар сайри” ва “Абадийлик остонасида” картиналари рассомнинг ички кечинмаларини ифодалайди. Нима учун фақат қоронғилик атрофида айланган? Бундан чиқиш борми? Келажакда нима кутмоқда?
Ван Гог услуби
Винсент бир неча хил усулда ижод қилган. Унинг дастлабки ишлари классик реализмга хос тарзда қорамтир рангларда ва анатомик аниқликда чизилган. Парижга кўчиб ўтганидан кейин рассом ёрқин ранглардан фойдаланишга ўтиб, импрессионистлар ортидан борган. У умрининг охирига келибгина ўз усулини топган — постимпрессионизм. Айнан қўпол чапланган экспрессив-эксцентрик полотнолар унга машҳурлик олиб келган.
Қалин рангли қатламлари билан машҳур — бундай техника “импакто” дейилади. Рассом картинани қалин бўёқ қатлами билан қоплаган ҳолда релеф ҳосил қилган. Кўпинча у бўёқларни бармоқлари билан чаплаб, рангларни аралаштирмасдан соф ишлатган. У ўз картиналарини жуда тез яратган, чунки бир зумда ҳосил бўладиган ҳиссий туйғуларини ифодалашга уринган. Шу сабабли ҳам кўплаб картиналари хомаки чизгиларга ўхшайди.
Изоҳ (0)