Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ижарага берилган ер майдонини 550 минг долларга сотмоқчи бўлган шахсларга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда “Вазият 24” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида фирибгарлик ва пора бериш жиноятларини содир этганликда айбланган икки фуқаронинг иши кўриб чиқилди. Улар Бўстонлиқ туманида давлат томонидан ижарага берилган ер майдонини 550 минг долларга сотмоқчи бўлган, аслида эса мазкур ер учун ижара шартномаси бекор қилинган ва ер захираси давлатга қайтарилган бўлган.
Маълумотларга кўра, 53 ёшли фуқарога “Ғазалкент” маҳалласидаги 11,4 гектар ер майдони узоқ муддатга вақтинчалик фойдаланиш учун ажратилган. Аммо у ерни 42 ёшли таниши билан келишиб, учинчи шахсга сотишни режалаштирган ва фуқародан 50 минг долларни олаётган вақтида ушланган.
Судланувчилар суд ҳукми билан айбли деб топилиб, уларга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Тошкент вилоятида 420 гектар ерни 700 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлганлар ушлангани, Фарғонада фуқаро қурилиши тугалланмаган футбол майдонини ноқонуний тарзда 150 минг долларга сотмоқчи бўлгани, Гулистонда ҳокимлик захирасидаги ерни 200 млн сўмга сотмоқчи бўлган эркак қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)