Эрон ҳукумати мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари туфайли ҳибсдаги 22 минг кишининг афв этилишини эълон қилди. Бу ҳақда Ассоcиатед Пресс хабар бермоқда.
Эрон суд тизими раҳбари Ғуломҳусайн Эжейнинг сўзларига кўра, намойишлар билан боғлиқ ҳолда ўғирлик ёки зўравонлик жиноятларида айбланган одамлар авф этилмайди.
AP нашрининг қайд этишича, ҳозирча маҳбусларнинг ҳақиқатан ҳам озод қилингани мустақил тасдиқланмаган. Эрон оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқ фаоллари ҳам сўнгги кунларда қамоқхоналардан фаолларнинг оммавий чиқарилиши ҳолатлари ҳақида хабар бергани йўқ.
Эронда сентябрь ойидан бери оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Уларнинг бошланишига 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлими сабаб бўлди — у ҳижобни “нотўғри” ўрагани учун полиция ўринбосари томонидан ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этган. Дастлаб, намойишчилар гендер тенглик талаб қилишди, лекин кўп ўтмай уларнинг талаблари кенг кўламли ислоҳотлар ва режим ўзгаришини ўз ичига ола бошлади.
Эрон ҳукумати норозилик намойишларини ўта шафқатсизлик билан жумладан, ҳарбий қуроллар ёрдамида бостирмоқда. Ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган; ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда 450 дан ортиқ намойишчи ҳалок бўлган. Айбловлар бўйича юздан ортиқ одам ўлимга ҳукм қилиниши мумкин.
Изоҳ (0)