Қозоғистон таълим вазири Ғани Бейсембаев мамлакатда 2023 йилда коррупционерлар пулига 70 та мактаб қурилишини маълум қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
“2023 йил 70 дан ортиқ мактаб коррупционерлар пулига қурилади. Бунинг учун ҳужжатларимиз бор, рўйхат ҳам тузилган. Яқин кунларда бу рўйхат қўллаб-қувватланади ва мактаб қурилиши учун маблағ ажратилади. Мактаб қурилишида деярли 20 та вилоят қамраб олинади”, — деди вазир.
У лойиҳада янги мактаблар қуришдан ташқари, мавжудларини таъмирлаш ҳам кўзда тутилганини айтди. Қозоғостон Молия вазирлигининг махсус ҳисобида порахўр амалдорлардан мусодара қилинган 120 миллиард тенге (278 млн доллар) тўпланган.
Аввалроқ Қосим-Жўмарт Тўқаев халққа мурожаатида коррупционерлардан олинган пуллар мактаблар қуришга сарфланишини айтганди. “Умуман олганда, мактаблар қуриш ҳукумат ва ҳокимликларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак”, — деган у.
Изоҳ (0)