Кеча, 1 март куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Қўшма штатлар бош дипломати дастлаб ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан, кейин президент Шавкат Мирзиёев билан учрашди. Мулоқотларда бир қатор масалалар муҳокама қилинди. “Америка овози” телерадиоси мухбири Навбаҳор Имомова “Дарё” нашрига берган интервьюсида ташрифнинг муҳим жиҳатларини таҳлил қилди.
Навбаҳор опа, АҚШ бош дипломатининг Ўзбекистонга ташрифи қандай ўтди деб ўйлайсиз? Ташриф ҳар икки давлат учун ҳам кутилганидек натижа берармикин?
Ўтган сафар ҳам гаплашган эдик, бу Энтони Блинкеннинг АҚШ давлат котиби сифатида Марказий Осиёга илк ташрифидир. У минтақанинг энг йирик иқтисоди Қозоғистонга, кейин энг йирик жамияти бўлган Ўзбекистонга борди. Байден маъмурияти мана шу икки давлат билан янада яқиндан ишлашни хоҳлаётгани саволга тутилиши керак. Мен Энтони Блинкен Марказий Осиёга бориши мумкин деб эшитишим билан, АҚШ Давлат департаментига мана шу саволни бердим. Нима учун ҳозир? Нимадир бўладими, янги келишувлар ҳақида гап кетяптими, янги бир битим ёки ҳамкорлик устида мулоқот қилинадими. Блинкен салом-алик, танишиш учун борадими ёки мақсадларини тушунтириш учунми, деб сўрадим. Улар “ташрифда янги келишувлар ҳақида гап кетмайди”, деб айтишди.
Ташрифни кузатдик ва кўрдикки, ҳақиқатан ҳам янги келишувлар ҳақида гап кетмади. Америка ҳар икки давлат билан стратегик шерик. Томонлар бир- бирига катта ваъдалар берган. Ана ўша ваъдаларни бажарилса ҳам катта гап. Бу ерда вазиятни мураккаблаштириб турган нарса Россиянинг Украинада олиб бораётган урушидир. Ҳеч бир шубҳасиз, мана шу уруш Остонадаги (Қозоғистон) сафарда ҳам, Тошкентдагисида ҳам асосий мавзу бўлди. Мулоқотларда шу ҳақда гап кетган. Одатда асосий мулоқотлар ёпиқ эшиклар ортида кечади. Мен бирор давлатдан юқори лавозимли бир расмийнинг президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида очиқдан-очиқ, камералар олдида мулоқот юритишини тасаввур қила олмайман. Томонлар одатда буни хоҳламайди. Ҳатто Вашингтонда ҳам музокаралар ёпиқ эшиклар ортида бўлади. Лекин биз музокараларда нималар ҳақида гап кетаётганини биламиз. Англадикки, асосий мавзу – Россия ва Украина уруши ҳақида бўлган.
Блинкен Россияга нисбатан қўлланилаётган ғарб санкцияларининг Марказий Осиёга таъсирини камайтириш бўйича ишлар кетаётганини айтди. АҚШ бош дипломати Марказий Осиё расмийларидан Россияни санкцияларни четлаб ўтишига кўмаклашмаслик кераклиги ҳақида ҳам гапирдими? АҚШ ёки Европа давлатларининг Марказий Осиёни Россия таъсир доирасидан чиқаришга уриниши қай даражада самара бериши мумкин?
Америка расмийларидан энг кўп эшитадиган гапимиз: “биз географияни ўзгартира олмаймиз. Марказий Осиёни Хитойнинг шундоққина биқинида ёки Россиянинг жанубида экани, Эроннинг шарқий қисмида экани ёки Афғонистоннинг шимолида эканини ўзгартира олмаймиз. Мамлакатлардаги динамика, у ердаги сиёсатга раҳбарлар таъсир қилади. Буларни Қўшма штатлар ҳам, Европа иттифоқи ҳам бартараф эта олмайди”, – дейишади. Яъни агар Қўшма штатларда ёки Европа иттифоқида бирор бир расмий Марказий Осиёни Россия таъсиридан чиқара оламиз, деб ўйлаётган бўлса, ўзбекча қилиб айтганда чучварани хом санаган бўлади. Чунки бирор сиёсий чора орқали бундай қилиш имконсиз. Минтақани Россия ёки бошқа давлатлар билан узоқ асрлик маданий, иқтисодий-сиёсий ришталар боғлаб туради. Вашингтон минтақа, хусусан, Ўзбекистон расмийларига “биз бирор бир тарафни танлашга мажбур эмассиз, деймиз”, дея таъкидлаб келади.
Америка ёки Европа иттифоқи бизни танланг, Россия билан камроқ ишланг, Хитойдан камроқ сармоя олинг, бошқаларни ёрдамига таянманг, демаяпти. Ва бундай деяётган бўлса ҳам, оддий қилиб айтганда, аҳмоқлик бўлади. Бундай деб ўйлашимизга асос йўқ.
Қўшма штатлар позицияси жуда ҳам мураккаб. Улар айтяптики, “кўриб турибсиз, биз бу урушда Украинани қувватлаяпмиз. Атрофдаги давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги бузилишидан ҳам хавотирдамиз. Билинг, агар сиз ҳам бу борада чўчиётган бўлсангиз, сизнинг тарафингиздамиз. Биз тушунамиз, сиз бетарафлик позициясини танлагансиз. Чунки бу сизга қимматга тушиши мумкин. Бу борада сизни салбий баҳоламаймиз, “судламаймиз”. Лекин биз билан ҳам янги имкониятлар очишингиз мумкин. Ҳамкорликни биз кенгайтираверишимиз мумкин”, деяпти.
Чунки катта-катта можаролар юз берганида давлатлар хоҳлайдими, йўқми, ким билан кўпроқ бўлишимиз тўғри, деб ўйлаб қолади.
Тарихнинг мана шу палласида Америка Марказий Осиё давлатларига айтяптики, “сиз танлашга мажбур эмассиз. Биз тушунамиз. Россия билан ҳам ришталарингиз давом этиши керак. У ерда маҳкам занжирлар бор. Тушунамиз, биз билан ҳам ўзаро манфаатларингиз бор. Хавотир олманг, муштарак манфаатларимиз юзасидан ишлайверамиз” деб.
Марказий Осиё ҳамиша Америкадан у бера оладигандан кўра кўпроқ нарса сўраб келган. Масалан, хусусий секторда кўпроқ ёрдам, сармоялар, кучлироқ сиёсий қувватлов сўрайди. Бунда Америка ўз қадриятлари, меъёрлари ва талабларини келтириб, лимитлари борлиги, у учун ҳам босиб ўтиб бўлмайдиган қизиқ чизиқлар мавжудлигини айтади.
Америка ҳукумати сармоя қилмайди. Чунки у сармоя манбаи эмас. Америка ҳукумати бу бошқарув тизими. АҚШда бизнес хусусий сектор қўлида. Яъни Ўзбекистон ёки Қозоғистонга пул киритишни хусусий секторнинг ўзи хоҳлаши керак. Уларнинг минимал талабларига жавоб бера олиш лозим. Масалан, жуда бўлмаганда, суд тизимлари ҳозиргидан сал мустақилроқ бўлиши, коррупция даражаси анча пасайиши керак. Яъни эртага улар пул тикса, бирор муаммо бўлса, арз қилиш ва адолат излай олишлари лозим. Компаниялар миллионлаб доллар сармоя киритиб, куйиб қолишни истамайди. Америка бизнесларининг қизиқиши жуда юқори. Блинкен шуни ҳам таъкидлади.
Лекин Марказий Осиё давлатлари олдин бир - бири билан иқтисодий жиҳатдан боғланиб олишлари керак. Чунки ташқаридан келаётган катта капиталист кучлар ёки хусусий сектор вакиллари фақат Ўзбекистонга сармоя олиб кирмайди. Улар қўшни давлатларга ҳам сармоя олиб киришни хоҳлайди. Регионда бизнес қилишни исташади. Таъминот ва транспорт тизимлари қандай эканини суриштиради. Транспорт тизими фақатгина бир мамлакатнинг ўзида чекланган бўлиши мумкин эмас. Масалан сиз, Тошкентдан бемалол Бишкекка учиб бора олишингиз керак. Бишкекдан Остонага, Остонадан Душанбега, у ердан Ашхободга. Лекин Марказий Осиёда ҳозиргача ҳам пойтахтлар орасида тўғридан тўғри учиб юриш қийин. Буни бир мисол сифатида келтиряпман. Америка корпорациялари Марказий Осиёда мана шундай фундаментал муаммолар билан юзлашади. Шу боис ҳам Америка билан иқтисодий ҳамкорлик суст. Қозоғистонни оладиган бўлсак, Америка билан бизнес ҳамкорлиги бир йил ичида 30-40 фоизга ортган. Бу ниманинг ҳисобига? Мамлакатга оз бўлса ҳам каттароқ компаниялар кирган.
Марказий Осиё бўйича Американинг асосий энергетик компаниялари ва бизнеслари Қозоғистонда. Нефть соҳасида. Улар азалдан бор. Америка ҳозир Қозоғистон нефтини жаҳон бозорига чиқишини таъминлаб туришни хоҳлайди. Яъни ҳақиқатан ҳам расмийлар айтганидек, АҚШ ҳукумати иккинчи даражали санкциялар Марказий Осиё иқтисодиётига ҳозиргидан ҳам кўпроқ зарар келтирмаслиги учун кўмаклашмоқда.
Америка Россияга қўйган чекловлар Ўзбекистон ёки Қозоғистон билан бизнесларга унча катта таъсир қилмайди. Чунки чекловлар асосан, ҳарбий секторда. Ўзбекистон ёки Қозоғистон қачон қўрқиши керак? Агар Россия билан бирга қурол ишлаб чиқарса, Россияга қурол соца ёки унинг қурол ишлаб чиқариш саноатига ҳисса қўшаётган бўлса қўрқиши керак. Мана шундай ҳолларда мамлакатлар тўғридан тўғри санкцияга тушади.
Блинкен журналистлар билан мулоқотда эркин ОАВ учун шарт-шароит яратиш — пропагандага энг яхши жавобдир деди. Учрашувда Россия Марказий Осиёда жуда кучли пропаганда ва дезинформация тизимини яратгани ҳам айтилди. Бугун Ўзбекистон ОАВлари салбий тарғиботларга қарши қай даражада кураша олади деб ўйлайсиз?
Энтони Блинкен ва АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник Россия ахборот сиёсатини жуда чуқур таҳлил қила оладиган мутахассислар. Улар информация макони нималар тебратишини яхши билади. Блинкенни тинглар эканман, ундан деярли янги гап эшитганим йўқ. Чунки Блинкен бу гапларини бутун дунёдаги журналистларга айтади.
Албатта, пропаганда, яъни салбий тарғиботга қарши курашиш учун ўзингизда эркин ОАВлар, халқ ишонадиган маҳаллий манбалар бўлиши зарур. Асосий жиҳатлардан яна бири ОАВлар иқтисодий мустақил бўлиши ҳам муҳим. Бу айтишга осон, бажаришга ниҳоятда қийин.
Қўшма штатларнинг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳисоботлари ҳар йили мунтазам равишда Конгрессга бурилади. Чунки конгресс мана шундай ҳисоботлар талаб қилади. Ўша ҳисоботлар ва расмийлар билан мулоқотларимда айтиладики, Ўзбекистонда охирги 7-8 йил олдинги вазият билин қиёсланса, ҳозир нисбатан очиқлик бор дейишади. Ва ўзимиз ҳам бунга гувоҳмиз. Лекин охирги 2-3 йил ичида сўз эркинлиги борасида орқага қадамлар ташланмоқда. Ҳозир журналистлар 2018 -2019 йилдаги жасорат билан ҳаракат қилишмаётганини кўрамиз. Уларда ички цензура кучайган. Қолаверса, мен ҳозир Ўзбекистонда ҳар жиҳатдан исталган материалларни ўз маблағимизга таянган ҳолда тайёрлай оламиз, дейдиган ОАВларини деярли билмайман. Тўғри, муайян ахборот порталлари бор. Улар рекламалардан тушаётган даромад эвазига катта лойиҳалар қила оляпти. Мухбирларини масалан, чет элга материаллар қилишга жўната оляпти. Яхши технологиялар сотиб оляпти. Бу яхши ва улар ҳозир ўзига хос ресурсларга эга. Блинкен мана шуни ҳам назарда тутди. У: “ресурсга эга бўлсангизгина сифатли материаллар бериб, ишонч қозона оласиз”, деди. Қўшма штатлар бу борада ҳам ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Мен Қозоғистондаги матбуот анжуманини ҳам кузатдим ва мана шу ерда ҳам озроқ фарқни кўрдим. Қозоғистонда ташқи ишлар вазири Мухтор Телуберди бемалол Блинкен билан ёнма-ён туриб матбуот анжуманида қатнашди. Лекин буни одатда Ўзбекистонда кўрмаймиз. Ўзбекистонга борганлар ё ўзи алоҳида матбуот анжуманида қатнашади, ёки Ўзбекистон томон билан чиқишади-да брифинг деб аташади. Бунга ўхшаш брифингни дунёнинг бирорта қисмида кўрмайсиз. Яъни улар фақат биз гапирамиз, сиз бизга савол бермайсиз, дейишади. Гапини тугатгач, минбардан қочиб чиқиб кетишади. Медианинг олдига чиқиш, бу унинг саволларига жавоб беришга тайёр туриш, демакдир. Дунёда брифинг ва матбуот анжуманлари орасида катта фарқ йўқ. Масалан, Оқ уйда ёки Пентагонда, Давлат департаменти ёки Лондонда ва ҳаттоки Россия пропагандасини биз ёмон деймиз, лекин Москвада ҳам брифинг дегани, бу мутасаддилар чиқиб, журналистларнинг саволларига жавоб беради, дегани. Аммо Ўзбекистонда ана шундай тескари қоидалар мавжуд. Бу ҳам Ўзбекистонни ҳали информацион жиҳатдан анча қолоқлигини билдиради. Ҳатто мана Қозоғистон билан қиёслаганимизда ҳам.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди
Изоҳ (0)