АҚШ президенти Жо Байден Польшага ташрифи доирасида Варшавада нутқ сўзлади. Оқ уй раҳбари россияликларга мурожаат қилиб, АҚШ ва Европа давлатлари Россияни йўқ қилишни ёки назоратга олишни истамаслигини айтди.
“Ғарб, Путин даъво қилганидек, Россияга ҳужум қилмоқчи эмас. Бу урушга ҳеч қачон зарурат бўлмаган эди, бу фожиа. Бу урушни (Россия президенти Владимир) Путин танлади. Урушнинг ҳар бир янги куни унинг танлови”, — деди Байден.
АҚШ президенти Россия Украинада ваҳшийликлар содир этаётганини айтиб, “автократларнинг иштаҳасини қондириб бўлмайди, уларга қаршилик кўрсатиш керак”, дея қўшимча қилди. У Украина ҳудудида ҳарбий жиноят содир этганларнинг барчасини жавобгарликка тортишга ваъда берди. “Россия ҳеч қачон Украинани мағлуб этолмайди. Ҳеч қачон”, — деди Байден.
АҚШ президенти агар Россия НАТО давлатларидан бирига ҳужум қилса, бу бутун алянсга ҳужум сифатида баҳоланиши ҳақида огоҳлантирди. “НАТОнинг бир давлатига қилинган ҳужум бутун НАТОга қилинган ҳужум бўлади. Путин буни билиши керак. Бу муқаддас”, — деди Америка раҳбари.
Байденнинг таъкидлашича, ўтган йил давомида Кремл Ғарб коалицияси ўртасидаги келишувни бузишга улгурмаган, Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдамлар келиши давом этмоқда.
АҚШ президенти ўз нутқи давомида Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бир йил ўтиб Киев ҳамон мустаҳкам эканини, Путин Украинани паст баҳолаганини айтди.
“Биз (Украинанинг) суверенитети учун туришимиз керак эди ва шундай қилдик ҳам. Ҳа, биз демократияни ҳимоя қилишимиз керак эди ва ҳимоя қилдик”, — деди Байден АҚШ ва иттифоқчиларнинг Украинани қўллаб-қувватлаши ҳақида гапирар экан.
“Путин демократияни заиф деб ўйлади, лекин бунинг ўрнига эркин мамлакатларнинг темир иродасига дуч келди”, — деди Байден. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва унинг ҳамкорлари шу ҳафта Россияга қарши янги санкциялар эълон қилади.
АҚШ раҳбари Путин энергиядан қурол сифатида фойдаланишга уринганини, лекин Ғарб бирлашиб, Россия энергия ресурсларига қарамликни камайтирганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Варшавадаги нутқидан аввал Байден эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келганди. У ерда Зеленский билан учрашиб, Украинага қўшимча ёрдам ваъда қилди.
Изоҳ (0)