Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Дмитрий Медведев 21 февраль куни Кремль раҳбари Владимир Путиннинг Федерал Мажлисга мурожаати пайтида ухлаб қолди. BBC журналисти Френсис Скарр бу ҳақда маълумот берди.
Журналист Twitter’да Медведевнинг ухлаётгани акс этган расмни жойлаб, “Дмитрий Медведев аллақачон курашмоқда, Путин эса ҳали ҳам кўриниш бермади”, — дея твит қолдирган.
Америкалик журналист Кейт Олберманн ҳам Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосарининг мажлисда ухлагани суратига муносабат билдирган.
“Бир ярим ой олдин Германия ва Франция ўртасида уруш бошланишини айтган, Илон Маск АҚШ президенти бўлишини башорат қилган Путиннинг ёрдамчиси ва Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев бугун эрталаб Путин нутқи вақтида ухлаб қолди”, — дейди Олберманн.
Бу Медведевнинг Россия президенти нутқида ухлаб қолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Аввал ҳам журналистлар Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосарининг ухлаётган пайтини тасвирга мухрлаган. Жумладан, Путиннинг 2016 йилги Федерал Мажлисга мурожаатида ҳам Дмитрий Медведев ухлаб қолганди.
Путиннинг 2015 йилги мурожаатномасида ҳам Медведев ухлаб қолгани тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.
Сочида 2014 йил Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросимида ўша пайтда Россия бош вазири лавозимида бўлган Дмитрий Медведевнинг ухлаётгани акс этган суратлар эълон қилинганди.
Изоҳ (0)