Марказий банк ҳисоботига кўра, Тошкентда уй-жой ва ер нархлари пасайишда давом этмоқда.

Кўчмас мулк бозори таҳлилига кўра, 2025 йил июнь ойи якунига кўра, бирламчи уй-жой бозордаги нархлар йиллик ҳисобда сўмда 2,6 фоизга (долларда 2,1 фоизга) ўсди. Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари сўм ҳисобида 2,5 фоизга (долларда 2,0 фоизга) ошди.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк нархларининг ўсиш суръатлари турлича шаклланишда давом этмоқда. Уй-жой нархлари даражаси юқори бўлган ҳудудларда (Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд ва Навоий вилоятлари) нархларнинг ўсиш суръатлари деярли ўзгармаган ёки бир оз пасайган бўлса, бошқа ҳудудларда нархларнинг ўсиши давом этмоқда.
“Бу эса ушбу ҳудудларда уй-жой нархларнинг келгусида ўсишда давом этиши мумкинлигини кўрсатиб, бунга жорий нархларининг ҳозирги кунда нисбатан пастлиги, инфратузилманинг яхшиланиб бориши, шунингдек, талабнинг ортиши сабаб бўлиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.
Уй-жой ижараси бозорида таклиф ҳажмининг ошиши ва талабнинг мавсумий пасайиши шароитида нархларнинг мўтадил даражаси сақланиб қолмоқда. Ижара тўловлари нархлари ўтган чоракдан буён сезиларли ўзгармаган бўлиб, республика бўйича умумий ўсиш суръати нолга яқин даражада шаклланди (июнь ойида йиллик 0,3 фоиз).
Тошкент шаҳрида эса ижара тўловларида нархларнинг пасайиши давом этмоқда. Июнь ойида йиллик 6,1 фоизгача пасайган. Ер участкалари сегментида Тошкент шаҳрида 100 кв/м (1 сотих) ер майдони нархи июнь ойи якунлари бўйича 334 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичлардан 2,5 фоизга паст шаклланди.
Пойтахтда иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нархлар 2025 йилнинг апрель, май, июнь ойларида пасайиб борди. 1 кв/м учун ўртача нархлар 15,4 млн сўмдан 14,9 млн сўмгача тушган. Қуйида Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда нархлар қандай ўзгаргани келтирилди.

Изоҳ (0)