Хитойнинг Gree Electric Appliances компанияси муҳандислари сувда фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун мўлжалланган инновацион қутқарув воситасини ишлаб чиқди. “Қутқарув бомбаси” деб номланган ушбу қурилма сувга тушганда автоматик тарзда тўлиқ ҳажмли қутқарув баллонига айланади. У кичик ва қулай шаклда бўлиб, сақлаш ва ташиш учун жуда осон.

Мазкур қутқарув воситасининг ички қисми кичик, юмалоқ шаклдаги конструкциядан иборат бўлиб, унинг ичида қутқарув доираси сиқилган ҳолатда жойлашган. Шарча сувга кирган заҳоти автоматик равишда фаоллашади ва бир неча сония ичида стандарт қутқарув баллони катталигига етиб, тўлиқ шишади. Фойдаланувчидан ҳеч қандай қўшимча ҳаракат талаб этилмайди, бу эса тезкор ва фавқулодда ҳолатларда жуда фойдалидир.

Шарчанинг ихчам ва аэродинамик жиҳатдан пухта ўйланган шакли туфайли уни аниқ ва узоқ масофага улоқтириш мумкин. Анъанавий қутқарув баллонларини эса оғирлиги ва ҳажми туфайли узоққа отиш ноқулай. Сиқилган шаклдаги бундай инновацион шарча эса анча енгил ва узоққа учади.
Янги қурилма қирғоқдаги қутқарув хизматлари, пляждаги қутқарувчилар, денгиз патруллари, сайёҳлик кемалари ва ҳатто алоҳида саёҳатчилар томонидан ҳам фойдаланиши мумкин.


Инновацион технологиялар асосида яратилган ушбу баллон келажакда қутқарув операцияларининг самарадорлигини оширишда муҳим рол ўйнаши кутилмоқда. Мутахассислар уни кенг кўламда синовдан ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштиришмоқда.
Изоҳ (0)