Тошкент шаҳрида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш учун махсус давлат муассасаси ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 16 февралдаги “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга кўра, кўп қаватли автотураргоҳлар махсус давлат муассасасига ер участкаларини тўғридан тўғри ажратган ҳолда давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат хусусий-шерикчилик асосида қурилади сўнг профилини ўзгартирмаслик шарти билан тадбиркорларга тайёр бизнес сифатида сотилади.
Автотураргоҳларни ўз таннархининг 10 фоиз миқдорида бошланғич қийматида электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш имконияти тақдим этилади.
Мазкур жойлар қурилишини молиялаштириш республика ва маҳаллий бюджет даромадларининг режадан орттириб бажарилган қисмидан тенг улушларда амалга оширилади.
Биринчи босқичда транспорт воситалари оқими тўпланувчи камида 4 та манзил танлаб олинади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қурилиш тартибини тасдиқлаш учун лойиҳани Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Изоҳ (0)