Қашқадарё вилояти Нишон туманида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган МЧЖ раҳбари давлатга ярим миллиард сўмдан ортиқ зарар етказди.
Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Нишон туман бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” вилоят ҳудудий бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланган.
“Э.Г.” МЧЖ раҳбари туман электр таъминоти корхонаси масъул шахслари ва бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, “Э.Г.” МЧЖнинг автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор станциясида қуввати 1000 кВА бўлган трансформатор ўрнатилган бўлса-да, 630 кВА бўлган трансформатор ўрнатилиб, техник кўрикдан ўтказилгани ҳақида сохта ҳужжатларни расмийлаштирган. Шу орқали 839,5 минг кВт/с электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани оқибатида, давлат ва жамият манфаатларига 566,6 миллион сўм зарар етказилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)