15 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан АҚШ президенти Рузвельтга уюштирилган суиқасд, Пентагон компьютерлари тармоғини бузиб кирган биринчи хакернинг қўлга олиниши ҳамда Челябинскда портлаган метеоритга оид фактлар ўрин олган.
АҚШ президенти Рузвельтга уюштирилган суиқасд
1933 йил 15 февраль куни Жузеппе Дзангара исмли ишсиз уста АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельтга суиқасд уюштиришга уринган эди. Асли Майамида яшаган эркак президент ва Чикаго мэри Антон Чермак нутқ сўзлаётган Бейфронт паркка йўл олган. 32-калибрли пистолет билан қуролланган Жузеппе сиёсатчиларни олқишлаётган оламонга қўшилиб олган. Боғга кортеж кириб, президент лимузининг эшиклари очилган вақтда Дзангара битта машина томон ўқ узган ва автомобилдан тушаётган Антон Чермакнинг қорнидан яралаган.
Оламон ичида бўлган Лилиан Кросс жиноятчининг қўлидан маҳкам ушлаган, аммо тутқиндан чиқиш мақсадида Жузеппе яна тўрт маротаба ўқ узади. Оқибатда атрофдаги тўрт нафар журналист енгил жароҳат олган. Ҳодиса жойига югуриб келган полиция ходимлари эркакни олиб кетади.
Қотилнинг кийимидан анархист Леон Чолгош томонидан 1901 йилда президент Маккинлининг ўлдирилиши ҳақидаги хабар ёзилган газета бўлаги топилган ва полиция ходимларининг айтишича, суиқасд уюштирган шахс “ҳар бир президентни ўлдираман” деган. Антон Чермак Чикаго мэрлигига яқиндагина сайланган эди. Маълумотларга кўра, у йўлда кетаётганида Рузвельтга “сизнинг ўрнингизда мен бўлганимдан хурсандман”, деган. Чермак орадан уч ҳафта ўтгач, 6 март куни вафот этган.
Сўроқлар давомида Жузеппе Дзангара президент Рузвельтни капиталистларга бўлган нафрати сабаб ўлдирмоқчи бўлганини маълум қилган. Икки ҳафтадан кейин биринчи суд ўтказилган ва унда барча айбни бўйнига олган Жузеппе Дзангара 80 йилга озодликдан маҳрум этилган. “Илтимос, судья жаноблари хасислик қилманг, 80 эмас, 100 йил тайинланг!”, — деган эди у сўнгсўз ўрнида.
Дзангара ярадор мэр Чермак вафот этишидан олдин қамоққа кўчирилганди. Жиноятчига нисбатан тергов давлат хизматида бўлган шахсни ўлдириш айблови билан яна қайта очилган. 1933 йил 10 март куни Жузеппе Дзангара яна барча айбловлар бўйича айбдор деб топилган ва федерал суд уни электр стулида қатл этишга ҳукм чиқарган. “Сиз мени ўлим жазосига ҳукм этмоқдасиз, мен ўлимдан қўрқмайман, сиз мен курашган капиталистлардан бирисиз, менга барибир”, — деган бу сафар қотил.
Суддан кейин Дзангара ҳукм ижро этилиши Флорида State Prison қамоқхонасининг ёлғиз камерасида кута бошлаган. 10 кундан кейин ҳукм ўқилган ва у электр стулига ўтқизилган.
Эркакни қотилликка айнан нима ундагани маълум эмас, аммо айрим тарихчиларнинг тахминича, Дзангара Чикагодаги криминал олам етакчиси, Ал Капоненинг ҳамтовоғи Фрэнк Ниттининг қўлида ишлаган. Ўлдирилган шаҳар мери Антон Чермак эса унинг фаолиятига тўсқинлик қилиб келган. Шунингдек, яна бир тахминда келтирилишича, Чермак Дзангаранинг ягона нишони бўлган. Расмий версияда эса Дзангара Рузвельтга руҳий касаллиги сабаб ўқ узгани айтилади.
Пентагон компьютерлар тармоғини бузиб кирган биринчи хакернинг ҳибсга олиниши
1995 йил АҚШда Пентагон компьютер тармоғини бузиб кирган хакер Кевин Митник ҳибсга олинган эди. Орадан бир неча йил ўтгач у дунёда биринчи бўлиб қамоқ жазосига ҳукм этилган хакерга айланган. Митник тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган ва 23 та банд бўйича ўз айбини тан олган.
Митник — деярли Голливуд биографиясига эга хакер. Қашшоқ оилада дунёга келган бола мактабнинг бошланғич синфида ўқиб юрганидаёқ автобус чипталарини қалбакилаштиришни ўрганган, 12 ёшлида автомат телефон станцияларини алдаган ва халқаро телефон алоқаларидан бепул фойдаланиб келган. 16 ёшида Митник баҳоларини тўғрилаш учун эмас, балки шунчаки қизиқиш мақсадида мактаб тармоғини бузиб кирган.
Кейинроқ Кевин Лос-Анжелесдаги Компьютер марказига ўқишга йўл олади ва бу даврда дўстлари билан кўнгилхушлик мақсадида компьютер ҳамда телефон тармоқларини мунтазам бузиб келган. Дўстларидан бири “ишончли” чиқмаган ва у Митникни Федерал хавфсизлик хизмати ходимларига сотиб қўйган. 17 ёшли саргузашт ихлосманди шартли жазо билан қутулган.
Митникнинг ноқонуний ҳаракатлари бу билан тугаб қолмаган, 1982 йилда у Пентагон ҳамда Колорадо штати ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбий қисми тармоғини бузишга муваффақ бўлади. Кейинроқ у Жанубий Каролина университети серверларига кириб, улар орқали Digital Equipment компьютер компанияси тармоқларини “кузатган”. Кевин компьютер компаниянинг янги операцион тизими версиясини кўчириб олиб, унга фойдаланувчиларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумот берадиган вирусни жойлаган ва дастурни яна компания тармоғига юклаб қўйган. Аммо бу сафар ҳам дўстларидан бири сотиб қўйгани боис, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни олиб кетишган.
Операцион тизимни юклаб олгани учун у қамоққа юборилган ва жазо муддатининг 8 ойида Кевин бир кишилик камерада ўтирган. Бироқ Митник озодликка чиққанидан кейин унинг судлангани тўғрисидаги барча материаллар ҳуқуқ-тартибот органларининг компьютеридан ўчиб кетган, унинг ишини кўриб чиққан судьянинг банк ҳисобрақамидаги пуллар эса “йўқолиб қолган”.
Вақт ўтган сари Митник тажриба оттириб борган, у ҳатто “антихакерлар” компьютерларини ҳам нишонга олган — 1994 йилда у компьютер хавфсизлиги бўйича мутахассис Сутому Шимомуранинг компьютерини бузиб кирган. Шимомура қандайдир хатолик борлигини бирданига сезмаган, аммо унинг компьютерида хавфсизлик тизими бор эди, шу орқали у Митникка “ов бошлаган”. Шимомура ФҚБ ходимлари билан ҳамкорликни бошлаганидан кейин Митник 1995 йил 15 февраль куни ҳибсга олинган.
Митникнинг боши шу қадар ғалвага кириб қолгандики, у яна тўрт йил қамоқда ўтиради. Хакернинг панжара ортида қолишини узайтириш учун ҳар сафар янгидан янги айбловлар топилаверган. 2000 йилда Митник озодликка чиққан ва фаолиятини тўлиқ қонунийлаштирган — энг хавфли компьютер бузғунчисидан у хакерларга қарши курашчига ва ахборот хавфсизлиги бўйича консултантга айланган, кўплаб китоблар ёзган.
Челябинскда портлаган метеорит
2013 йил 15 февраль куни Россиянинг Челябинск вилоятига метеоритлар ёмғири ёққанди. Маҳаллий вақт билан соат 09:20 да Ердан 30-50 километр баландликда метеорит портлайди. Портлаш тўлқини атрофдаги уйлар, шифохоналар, боғча ва мактабларнинг деразаларини синдириб юборган. Дўконларнинг витриналари ҳам чил-парчин бўлади. Метеорит бўлаклари турли биноларга шикаст етказган.
Шу куни мингдан ортиқ инсон турли тан жароҳатлари билан шифохоналарга мурожаат қилган бўлиб, уларнинг айримлари оғир аҳволда эди. Вилоят аҳолисининг сўзларига кўра, осмонда аввалига реактив сомолётники каби из қолган, ундан кейин портлаш юз берган ва “кўзлар қамашиб кетган”.
“Боғчада жисмоний тарбия дарсини ўтаётгандим ва деразадан ташқарига қараганимда оқ чизиққа кўзим тушди, кейин ёрқин чақнаш содир бўлди. Болаларга полга ётишларини айтиб бақирдим. Кейин яна 5-6 та портлаш содир бўлди. Болалардан бири бошини кўтарган эди, унга бақирдим, кўзларини юмишларини айтдим”, — дея эслайди челябинсклик Людмила Belkова.
Гувоҳларнинг айтишича, портлаш тўлқини жуда иссиқ бўлган. Портлашдан бир неча соат кейин ҳам одамлар оғзида металл таъми қолган. Портлаш Челябинск устида содир бўлган бўлса-да, у шу қадар ёрқин бўлганидан Свердлов ва Тьюмен вилоятларида ҳам кўринган. Метеорит бўлакларининг бир қисми вилоят узра сочилиб кетган. Рух заводига шикаст етган — осмон жисми бўлаги унинг том қисмига тушиб, тешиб ўтган.
Челябинск вилоятидаги 7 мингга яқин кўп квартирали уйлар, 740 та мактаб, 290 та шифохона, 69 та маданият ва спорт биноларига зарар етган. ФВВ раҳбари Владимир Пучков метеорит қулашидан етган зарарни 500 миллион рублга баҳолаганди.
Метеорит қолдиқларини қидиришга 20 мингга яқин қутқарувчи жалб этилган. Тез орада унинг бўлаклари топилган, иккитаси — Чебаркўл туманида, яна биттаси — Златоустовскда. Чебаркўл кўли атрофидаги ҳарбийлар диаметри 6 метрга тенг ўрага дуч келган. Ўрадаги радиация даражаси нормада бўлган. Унинг хавфсиз эканидан хабар топган маҳаллий аҳоли у томон ошиққан.
Кўпчилик эсдалик учун бирор бўлакни ўзи билан олишга қизиққан, интернет аукционларда метеорит бўлаклари 100 минг рублгача нархда сотувга қўйилган. Осмон жисми бўлакларининг мамлакатда чиқиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ҳатто Россия Чегара хизмати жалб этилган.
Орадан бир ҳафта ўтгач, вилоятдаги аксарият бинолар қайта тикланган — деразалар қайта ўрнатилган, бинолар таъмирланган. Метеоритнинг янги бўлакларини топиш ишлари эса давом этган. Дастлабки ойда 3,5 килограммга яқин қолдиқлар топилган. Аммо энг катта топилма ҳали олдинда эди.
2013 йилнинг кузида Чебаркўл кўлидан оғирлиги 654 килограмм келадиган метеорит бўлаги олиб чиқилган. Кўл тубидан олиб чиқиш ва тортиш давомида у бир неча бўлакларга бўлиниб кетган, натижада энг йирик метеорит бўлаги 540 килограммни ташкил этган.
Таҳлиллар натижасига кўра, ушбу метеорит оддий LL5 хондритлар синфига кириши маълум бўлган. Изотоп таҳлиллар эса метеоритнинг ёши коинот билан тенглигини кўрсатган — 4,56 миллиард йил. Чехиялик олимларнинг ҳисоб-китобларида келтирилишича, Челябинск метеоритининг портлаш қуввати 500 килотонна тротил эквивалентига тенг бўлган — бу Хиросимага ташланган атом бомба кучидан 12 баробар кўп дегани.
Британиялик тадқиқотчилар метеорит учиб келиш вақтида ўзининг энг ёрқин ҳолатига кирганини аниқлашга муваффақ бўлган — Қуёшдан 30 баробар ёрқин. Бундан ташқари, уларнинг фикрича, Челябинскка қулаган метеорит каби Ерга потенциал хавф туғдирадиган осмон жисмлари аслида кутилганидан 10 баробар кўп.
Изоҳ (0)