Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида янги қурилган кўп қаватли уй ичидан дарз кетгани ҳақида хабар берилганди. Туман ҳокимлиги ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Мирзо Улуғбек тумани Мағрур кўчаси 55Б-уй манзилида жойлашган ушбу уй хусусий уй жой сифатида “Қуюн” масъулияти чекланган жамияти раҳбари А.Зокиров ва бошқалар томонидан қурилган ва фуқароларга бўлиб-бўлиб сотилган.
Қурилиш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу бино кўп квартирали уй-жой сифатида қурилиш меъёр ва талаблари асосида қурилмаган. Ҳозирда ушбу бино ваколатли лойиҳа институтлари томонидан ўрганилмоқда. Натижалар ҳақида қўшимча ахборот тақдим қилинади.
2022 йил 18 январь куни Мирзо Улуғбек туман прокуратураси томонидан “Қуюн” МЧЖ раҳбари А.Зокиров ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) 4-қисми “а”, “б” бандлари, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят ишида тўпланган ҳужжатларга кўра, А.Зокиров акаси Р.Зокиров билан Мағрур кўчаси, 55Б-уй ва бошқа манзилларда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини жиддий равишда бузган ҳолда 3 қаватдан иборат бўлган сифасиз уйларни қуриб, алдов йўли билан фуқароларга сотган. Юқоридаги ҳолатлар бўйича суд ҳукми билан А.Зокировга 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Акаси Р.Зокиров терговдан яширинганлиги сабабли унга қидирув эълон қилинган. Фуқароларга тўланадиган компенсация масаласи Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида кўрилмоқда.
Изоҳ (0)