Туркияда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукуматини минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган зилзилаларга суст расмий муносабат билдиргани учун оммавий танқид қилишганидан кейин Twitter’га кириш чекланди. Бу ҳақда NetBlocks ва BalkanInsight хабар бермоқда.
“Реал вақт режимидаги тармоқ маълумотлари Туркияда Twitter чекланганини кўрсатмоқда; аҳоли бир қатор ҳалокатли зилзилалардан сўнг йирик интернет-провайдерлар хизматларига таянишни бошлаганда, ушбу интернет-провайдерлар учун филтрлаш қўлланилмоқда”, — дея қайд этилган NetBlocks’нинг глобал тармоқ эркинлигини кузатувчи Интернет-обсерваторияси хабарида.
Туркия аҳолиси ҳозир учта йирик интернет-провайдердан иккитаси орқали Twitter’га кира олмайди. TurkTelekom ва Turkcell тармоққа киришни бутунлай блоклаган. Vodafone эса ҳозирча Twitter’га секинроқ кириш имконини бермоқда.
ОАВ хабарларига кўра, Туркиядаги даҳшатли зилзиладан бир неча кун ўтиб ҳам ҳукумат бир қанча минтақаларга зарур ёрдамни етказа олмаяпти.
BalkanInsight’нинг қўшимча қилишича, ҳукумат Twitter’даги тақиқ ҳақида расман эълон қилмаган ёки изоҳ бермаган. Аммо аввал ҳам ҳукумат табиий офатлар, терактлар ва норозилик намойишларидан кейин ижтимоий тармоқларга киришни чеклаб қўйган эди.
Мутахассислар, сиёсатчилар ва аҳоли бу тақиқни танқид қилиб, Twitter омон қолганлар ва қурбонларни қидираётган кўплаб одамлар, шунингдек, маҳаллий ва миллий ёрдам кампаниялари учун асосий алоқа манбаи эканини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни эрталаб Туркия ва Сурияда кучли зилзилалар содир бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, 12 миндан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 52 мингдан ортиғи жароҳат олган. Бундан ташқари, олти мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлган.
Изоҳ (0)