АҚШ президенти Жо Байденнинг фикрича, мамлакат ҳаво ҳудудига кирган Хитой шари уриб туширилганидан кейин АҚШ—Хитой муносабатлари ёмонлашгани йўқ. Хитой шарнинг йўқ қилинишига норозилик билдирганди, Пентагон эса Пекинни стратегик объектларни кузатишда айблаган.
Журналистлар Байденга ҳаво шарининг йўқ қилиниши Хитой билан муносабатларни ёмонлаштирди, деб ўйлайсизми, деган саволни берди.
“Йўқ. Биз Хитойга нима қилмоқчилигимизни аниқ қилиб билдирдик. Улар позициямизни тушунади. Ортга қадам ташламаймиз. Биз тўғри иш қилдик ва масала муносабатларнинг заифлашиши ёки мустаҳкамланиши ҳақида эмас, бу ҳақиқат”, — деб жавоб берди Америка раҳбари.
Хитойнинг ҳаво шари январь ойи охирида АҚШ ҳаво ҳудудига кирган, қисқа муддатга Канада чегарасини кесиб ўтган, бироқ кейин яна қайтиб келган. Хитой томони таъкидлашича, қурилма шамол туфайли йўналишидан оғиб кетган метеорологик зонд эди. Бироқ Вашингтон шарни жосус деб ҳисобламоқда. Қурилма Жо Байденнинг буйруғи билан 4 февраль куни ҳаво-ҳаво ракетаси ёрдамида уриб туширилди. Пекин бу борада Вашингтонга норозилик билдирди. Бу воқеа ортидан Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Хитойга ташрифи бекор қилинди.
Изоҳ (0)