ЮНЕСКО Украинанинг Одесса шаҳри тарихий марказини Жаҳон мероси рўйхатига киритди. Шу тариқа ЮНЕСКО “шаҳарнинг беқиёс умуминсоний қадриятини ва уни ҳимоя қилиш бутун инсоният бурчи” эканини тан олмоқда.
“Уруш давом этаётган бир пайтда, бу эътироф Одессани кейинги вайронагарчиликдан сақлаб қолишга қаратилган жамоавий қатъиятимизни ифодалайди”, — деди ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле шаҳарнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилишини изоҳлаб.
Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенсия қоидаларига мувофиқ, конвенсияни қабул қилган барча 194 давлат Жаҳон мероси объектига бевосита ёки билвосита зарар етказиши мумкин бўлган қадамларни қасддан қўймаслик ва уни ҳимоя қилишда ҳамкорлик қилиш” мажбуриятини зиммасига олади.
Бундан ташқари, Одесса тарихий марказининг Жаҳон мероси объекти сифатида тан олиниши Украинага шаҳар ҳимоясини таъминлаш учун кенгайтирилган техник ва молиявий халқаро ёрдам сўраш ҳуқуқини беради.
AFP хабарига кўра, Тарихий мерос қўмитасининг фавқулодда йиғилишида шаҳарнинг аризасини 6 та давлат қўллаб-қувватлаган, 14 давлат овоз беришда бетараф қолган, Россия қарши овоз берган.
Одессани тегишли рўйхатга киритиш бўйича халқаро экспертлар иштирокидаги тайёргарлик жараёни Италия ва Греция кўмагида 2022 йил августда бошланганди. Расмий аризани Украина президенти Владимир Зеленский октябрь ойида топширган. Шаҳарни рўйхатга киритиш тўғрисидаги қарор Украина ҳудудида давом этаётган уруш муносабати билан тезлаштирилган тартиб асосида қабул қилинди.
ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига шунингдек, Киевдаги Авлиё София собори, Киев-Печерск лавраси, Лвовнинг тарихий маркази ансамбли ҳам киритилган.
Изоҳ (0)