Россия қўшинлари Украина ҳудудини тарк этсагина, Украинадаги уруш тугайди, деди мамлакат президенти Владимир Зеленский Sky News телеканалига берган интервьюсида.
“Сизга шуни аниқ айта оламанки, агар улар бизнинг ҳудудимизни тарк этса, уруш тўхтайди. Ҳаммаси шу”, — деди у.
Зеленский, шунингдек, унинг учун одамлар ҳаёти биринчи ўринда туришини ва “Россия ҳудудида жанг олиб боришни” истамаслигини айтди.
Россия президенти Владимир Путин билан учрашув можарони ҳал қилишга ёрдам берадими, деган саволга у “бунга қизиқаётганим йўқ” деб жавоб берди. “Учрашишнинг ҳам, гаплашишнинг ҳам қизиғи йўқ... Россияда қарорларни ким қабул қилишини чиндан ҳам тушунмайман”, — деди Украина раҳбари.
Зеленскийнинг таъкидлашича, сўнгги кунларда жанглар янада кучлироқ кечган, шу сабаб Украина кучлари учун мудофаа қудратига эга бўлиш ниҳоятда муҳим. У танк етказиб бериш қарори учун АҚШ, Буюк Британия ва Германияга миннатдорлик билдирди.
Изоҳ (0)