Истанбулда Европадаги энг тезюрар метро линияси ишга тушди. Янги метро линияси Туркия мегаполисини унинг Европа қисмидаги халқаро аэропорт билан боғлайди, деб хабар бермоқда Anadolu.
Янги линия бўйлаб поездлар соатига 90—120 километр тезликда ҳаракатланади ва кунига 800 минг йўловчини ташишга мўлжалланган. Янги метро линияси Кягитхан туманидан Истанбул аэропортигача бўлган масофани 24 дақиқагача босиб ўтиш имконини беради.
«Янги метро линиясининг ишга тушиши Истанбул учун тарихий воқеа», — деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 22 январь, якшанба кунги очилиш маросимида.
Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши билан Туркия бутун дунёга метро қуриш масаласида ўз кучи ва имкониятларини намоён қилди.
Истанбул халқаро аэропорти 2019 йилда иш бошлаган. Унинг қурилишини тўлиқ якунлаш 2025 йилга мўлжалланган. Аэропорт йилига 150 миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсата олади.
Изоҳ (0)