Ўзбекстонда кузатилаётган аномал совуқ ҳаво оқибатларини юмшатиш мақсадида турли идора ва вазирликлар томонидан энергия ресурсларидан муаммо бўлаётган ҳудудларда штаблар иш олиб бормоқда. Хусусан, Миллий гвардия ҳам Тошкент шаҳрининг бир нечта туманларига бириктирилган.
Миллий гвардия матбуот хизмати раҳбари Даврон Жуманазаровнинг айтишича, аҳолидан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ҳолат жойида бартараф қилинмоқда.
«Учтепа туманининг ‘Каттақўрғон’ маҳалласида жойлашган 12 та кўп қаватли уйларда электр энергиясидан узилиш бўлган эди. Жалб қилинган кучлар натижасида техник носозлик тезлик билан бартараф этилди», — деди Даврон Жуманазаров.
Унинг қўшимча қилишича, аҳолига ёрдам қилиш учун ҳар битта ишчи гуруҳга бириктирилган жойда ҳарбий ошхона палаткалари ўрнатилган.
«Свет ўчган ва газ босими тушган ҳолатда энергия ресурсларини тиклаб бергунимизга қадар аҳоли палаткада исиниши, енгил нонушта қилиши мумкин. Шунингдек, тушки ва кечки овқатга иссиқ таомлар тарқатилмоқда. Аҳолига ёрдам бериш билан бирга, ёшларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқишни орттиришга ҳаракат қиляпмиз», — деди Миллий гвардия хизматчиси.
Қўшимча қилинишича, асосий вазифа сифатида энергетик узилишларни бартараф этишда мутахассисларга яқиндан ёрдам кўрсатиш белгиланган. Бунда керакли моддий техник базани тезкор ва узлуксиз етказиб бериш, хизмат кўрсатувчи бригадаларга шароит яратиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)