Андижон вилояти Асака туманидаги газ заправкада ИИБ ходими фуқарога куч ишлатаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Вилоят ИИБ ҳолатга ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, 19 январь куни автомобилларга газ қуйиш шохобчасида навбатда турган ҳайдовчилар ўзаро навбат талашиб жанжаллашиб, жамоат тартибини бузган. Шу ерга жамоат тартибини сақлаш ва тартиббузарликни олдини олиш мақсадида бириктирилган Андижон вилояти ИИБ Патруль-пост хизмати ходими жанжални бартараф этиш мақсадида фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилган.
Бироқ жанжал сабабчилари — 2004 йилда туғилган О.Р. ва унинг акаси 1997 йилда туғилган О.Ж. ходимга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, унинг қонуний талабларига бўйсунмай фаол қаршилик кўрсатган.
Ҳодиса жойида жамоат тартиби тикланиб, тартиббузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатилган ҳолда туман ИИБга олиб келинган. Улар билан тегишли тартибда профилактик суҳбат ўтказилган.
Хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан воқеа иштирокчиларининг, шу жумладан, Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади.
Изоҳ (0)