Ўзбекистонда «Док-1 Макс» сиропидан вафот этган болалар оилаларига компенсация тўланиши мумкин. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Халқаро пресс-клубнинг 18 январдаги сессиясида айтиб ўтди.
«Дори ичганлиги тўғрисида ота-онасининг суҳбатидан аниқланган. Қайси дорини ичган, қайси доридан заҳарлангани ҳужжат билан тасдиқлансагина, компенсация тўлаш бўйича юридик жараёнлар бошланиши мумкин бўлади», — деган вазир ўринбосари.
Унинг қайд этишича, айни пайтда ҳар бил бола тўғрисида текширувлар олиб борилмоқда.
Quramax Medical МЧЖ томонидан Ҳиндистондан Ўзбекистонга импорт қилинган ушбу дори воситаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида «Док-1 Макс» дори воситаси белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани аниқланган.
Шундан сўнг Quramax томонидан Ўзбекистонга олиб кирилган барча дорилар сотуви тўхтатилди.
Изоҳ (0)