Сурхондарё вилоятидаги АЁҚШларда бензин сотуви тўғри ташкил қилинмагани учун айрим раҳбарларга чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида вилоят штабининг навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Унда айни пайтда кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида юзага келган узун навбатлар, ёнилғи эҳтиёждан келиб чиқиб етказиб берилмаётгани ва бу борада масъулларнинг фаолияти таҳлил қилинди.
АЁҚШларда бензин сотувини тўғри ташкил қилмагани, назорат ўрнатмагани учун вилоят департамент, Солиқ бошқармаси бошлиғи ва вилоят нефть-газ инспекцияси раҳбари расман огоҳлантирилди.
Термиз нефть-база раҳбарига ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланди. Масъулларга вилоятдаги барча АЁҚШларда бензин сотилишини тўғри йўлга қўйиш, ҳар бир ҳудудга тўғри тақсимлаш, навбатларнинг олдини олиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Изоҳ (0)