Россияга қурол-яроғ етишмаяпти, шунинг учун у Эрон ва Шимолий Кореядан қурол сўрашда давом этмоқда. Гап ракеталар ва учувчисиз учар қурилмалар ҳақида бормоқда. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман ва мудофаа вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Колин Кал маълум қилди, деб ёзади «Укринформ».
АҚШдагилар ишонч билдиришича, бундай тенденция сақланиб қолади ва Россия бундан кейин ҳам ушбу мамлакатлар билан алоқаларни чуқурлаштиришда давом этади.
«Россия ўзига етишмаётган қурол-яроғга эга бўлиш учун бошқа давлатлар кўмагига тобора кўпроқ таянаверади», — деди Колин Кал ва бундай илтимосларни умидсизликка тушиш белгиси деб атади.
Шерманнинг сўзларига кўра, АҚШ Россиянинг Эрон билан муносабатларидан хавотирда, шунинг учун ҳам унинг ракеталар ишлаб чиқариш бўйича хатти-ҳаракатларини кузатиб боришда ва санкциялар киритишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Эрон ҳукумати март ойида Россиядан Су-35 қирувчи самолётлари, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракета комплекслари ва вертолётлар олишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Россия ўз армияси томонидан Украинада фаол қўлланилаётган Эрон камикадзе-дронларини ўз ҳудудида ишлаб чиқаришни бошламоқчи экани хабар берилганди.
Изоҳ (0)