17 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Испанияда термоядровий бомбасини йўқотиб қўйган АҚШ, Японияда 6,4 минг инсон умрига зомин бўлган зилзила ҳамда Польша бош вазирига айланган пианиночига оид фактлар ўрин олган.
Испанияда термоядровий бомбасини йўқотиб қўйган АҚШ
1966 йил 17 январь куни Испания узра авиаҳалокат содир бўлганди: Американинг B-52 стратегик бомбардимончиси Паломарес қишлоғи устида ёнилғи қуювчи самолёт билан тўқнашиб кетган. Ҳодиса оқибатида етти киши ҳалок бўлган ва тўртта термоядровий бомба йўқолган. Бу жиддий дипломатик инқирозни келтириб чиқарган ва охир-оқибат Америка бомбардимончиларининг Европа ҳамда Ўрта Ер денгизи узра парвозларининг тақиқланишига олиб келган.Совуқ уруш даврида АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Стратегик авиация қўмондонлиги «Хромланган гумбаз» номли операцияни ўтказган. Бортига термоядровий қурол ортилган B-52 стратегик бомбардимончилари ҳавога жанговар навбатчилик олиб борган — улар тегишли сигнал олиши билан СССР ҳудудидаги тегишли объектларга зарба бериши лозим эди.
Навбатчилик асосан икки асосий йўналишда олиб борилган: Атлантика океани устидан ўтувчи жанубий — у ерда самолётларга ёнилғи қуйилган ва самолёт базага қайтган, иккинчиси, АҚШ ва Канада қирғоқлари бўйлаб ўтган шимолий йўналиш.
Операция тахминан етти йил давом этган, бу вақт давомида бортида ядровий қурол бўлган бомбардимончи бир неча бор ҳалокатга ҳам учраган. Фақатгина Паломарес устидаги авиаҳалокат операцияни сезиларли даражада қисқартириш, кейинчалик эса бутунлай ёпиб юборилишига олиб келган.
1966 йил 17 январь куни Сеймур-Жонсон авиабазасидан бир жуфт B-52G «Stratofortress» стратегик бомбардимончилари натбатдаги патрулни амалга ошириш учун ҳавога кўтарилган. Уларнинг ҳар бирининг бортида тўрттадан B28RI термоядровий бомбалари бўлган (ҳар бирининг қуввати 1,45 мегатонна тротил эквивалентига тенг).
Самолётлар жанубий йўналиш бўйича парвоз қилган. Улар режа бўйича Испания ҳудуди устида икки марта ёнилғи қуйиши керак эди. Паломарес қишлоғи устида ёнилғи қуйиш вақтида бомбардимончи 9,5 минг метр баландликда «Стратотанкер» самолёти билан тўқнашиб кетган.
Фожиа оқибатида танкер экипажининг барча аъзоси — тўрт киши ҳалок бўлган. Бомбардимончининг эса етти нафар экипажи аъзосидан тўрт киши омон қолган: улардан бири капитан Бухман жиддий куйиш жароҳатини олган, у катапультадан фойдаланиб, қўлда парашютни очган ва қуруқликка қўнишга муваффақ бўлган. Қолган уч нафар ҳарбий денгизчилар томонидан қутқарилган.
Самолётлар қолдиқлари ва энг муҳими учта термоядровий бомба Паломаресга қулаган. Маноло Гонсалес исмли маҳаллий фуқаро даҳшатли портлаш содир бўлган вақтда кўчада бўлганини эслайди. «Осмонга қарадим ва улкан оловли шарга кўзим тушди, у ерга яқинлашиб келарди. Иккита самолёт парчаланиб кетди», — дейди у.
Содир бўлган воқеа шубҳасиз йирик фавқулодда ҳолат эди — ҳалокат ҳақидаги хабар АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Мадриддаги базасига етказилган. Шундан кейин база командири генерал майор Вилсон содир бўлган ҳолат бўйича Омахадаги Стратегик қўмондонлик штабини огоҳлантирган ва зудлик билан воқеа жойига қутқарув-қидирув гуруҳини йўналтирган. АҚШ президенти Линдон Жонсон ҳалокатдан эртаси куни хабар топган ва бомбани қидириш бўйича барча чораларни кўришни буюрган.
Назарий жиҳатда бомбаларга қотирилган парашютлар уни ерга оҳиста тушириши керак эди, аммо ҳалокат вақтида парашютларнинг иккитаси очилмай қолган (учинчи бомба деярли шикаст етмаган ҳолда ерга тушган). Натижада иккита бомбада оддий портловчи восита детонацияси содир бўлган. Бахтли тасодиф билан ядровий портлаш содир бўлмаган, акс ҳолда унинг қуввати 1000 та Хиросимадан ортиб кетиши керак эди.
Ҳалокатдан кейинги бир неча кун ичида Паломарес пляжи 700 га яқин америкалик учувчи ва олимлар иштирокидаги йирик операция базасига айланган. Уларнинг вазифаси ядровий қуролни топиш ва зарарсизлантириш эди. Тўртинчи бомбани топишда муаммо содир бўлган. Франсиско Орц исмли маҳаллий балиқчи сўроқ вақтида Ўрта Ер денгизига парашютда тушган бомбани кўрганини айтган. Унинг гапларини бомбанинг парашют тизими қопқоғининг топиши билан исботланган, яъни парашют очилган эди ва у яқин атрофда бўлиши керак.
22 январь куни АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларини жалб этишга қарор қилинган: қидирув ишларига 20 дан ортиқ кема чақирилган. Қидирув операцияси дастурини махсус техник гуруҳ тузган, унинг таркибида ғаввослар билан ишлаш бўйича мутахассис Уиллард Сирл ва математик Жон Крейвен ҳам бор эди. Бомбанинг изи 1 мартда аниқланган: сувости аппарати сув остига кириб кетган бомбани топишга муваффақ бўлган. Мутахассислар 15 март куни 800 метрлик чуқурликда қуролни олиб чиққан.
Содир бўлган воқеа жиддий дипломатик инқирозни юзага келтирган. Испанлар АҚШ ҳарбийлари уларни хавф остига қўйганидан норози эди. Уларни нафақат пуллар ва зарар етган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини қайта тиклаш билан, балки намойишкорона чиқишлар билан ҳам тинчлантиришга уринишган. Ўша йили АҚШ элчиси Ангер Бидл Дюк Мадридга келиб, телекамералар қаршисида кечирим сўраган. Паломаресдаги авиаҳалокатдан кейин АҚШ Испания узра ядровий қуроллар ортилган бомбардимончилари парвозларини тўхтатган.
Японияда 6 мингдан ортиқ инсон умрига зомин бўлган зилзила
1995 йил 17 январь куни Хонсю ороли ғарбида жойлашган Кобе порт шаҳрида Рихтер шкаласи бўйича 7,3 балли зилзила содир бўлган. Унинг эпимаркази Авадзи оролининг шимолий қисмида бўлиб, тахминан 16 километр чуқурликда жойлашган. Зилзиладан кейин ёнғин юзага келган.Мазкур ер ости силкинишлари мамлакат тарихидаги энг вайронкор зилзилалардан бирига айланган, Япония ҳукумати томонидан табиий офатни «Хансин-Авадзининг буюк зилзиласи» номи билан аташ бўйича қарор қабул қилинган.
Зилзила оқибатида 6,4 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 40 мингдан зиёд инсон жароҳат олганди. Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Кобеда ҳалок бўлганларнинг 60 фоизини 60 ва ундан катта ёшдагилар ташкил этган.
Ер ости силкинишлари оролдаги 105 мингга яқин бинони вайрон қилганди, 144 минг иншоотга ва 274,1 минг уй хўжаликларига қисман зарар етган. 85 фоиз таълим муассасалари, 7,2 минг йўл, 330 та кўприк йўққа чиққан. Энг кўп талафот Кобе шаҳри ҳисобига тўғри келган — бу ерда 4,5 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 14 минг киши яраланган, 120 мингдан ортиқ иншоот вайрон бўлганди.
Зилзила оқибатида етказилган умумий зарар 9,9 миллиард иенани ташкил этган — бу миллий бюджетнинг қарийб 10 фоизини ташкил этарди. Шаҳарни қайта тиклаш учун 3 ой вақт сарфланган, фавқулодда ҳолатдан 7 ой ўтиб, темир йўл қайта тикланган. Табиий офат натижасида пайдо бўлган 19,8 минг тонна чиқинди утилизация қилинган. Бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилган хайриялар натижасида 178,3 миллиард иена ташкил этган.
2005 йил 18 январь куни Кобе шаҳрида БМТ шаъфелигида Табиий офат хавфини камайтириш бўйича халқаро конференция очилган. Унда Хиогская декларацияси қабул қилинган бўлиб, ҳужжатда халқаро форум иштирокчиларининг барчасининг фикрини ифодалаган. Шунингдек, конференция делегатлари томонидан 2005—2015 йиллар учун Ҳаракатларнинг асосли дастури қабул қилинган.
Японияда 1995 йилги зилзила қурбонлари хотирасига ҳар йили «Нур фестивали» ўтказиб келинади, унинг биринчиси фожиадан 11 ой ўтиб ўтказилганди. 2019 йилда мазкур фестиваль 6—15 декабрь кунлари ўтказилганди. Тадбирга 3,4 миллиондан ортиқ одам ташриф буюрган.
Польша бош вазирига айланган пианиночи
1919 йил 17 январь куни польшалик пианиночи ва композитор Игнаций Ян Падеревский Польша бош вазирига айланган эди. Польша мустақиллигининг отаси ва мамлакатнинг халқаро майдондаги вакили сифатида таърифланган инсон аслида ким эди? Қуйида шу ҳақида маълумот берамиз.Ян 1860 йил 18 ноябрь куни Куриловка қишлоғида дунёга келган. Оиласи ўрта ҳол бўлса-да, аждодлари маҳаллий Падарево сулоласига бориб тақалган. Игнацийнинг онаси у чақалоқлигида ўлиб кетган, отаси эса бир неча йилдан кейин Россия ҳукумати томонидан Январь исёнига кўрсатган ёрдами учун ҳибсга олинган ва у бир йил Киевдаги қамоқхонада ўтирган. Жазо муддати тугагач, у уйига қайтиб, ўғлининг таълими билан шуғулланган, жумладан, фарзандини мусиқага йўналтирган. Муаллимлар кўп ўтмай йигитча фортепианода бошқа ўқувчилардан кўра яхшироқ ижро этишини пайқаб қолган, 12 ёшида болакай Варшавага юборилган ва у шу ердаги мусиқа институтига ўқишга киришга тайёргарлик кўра бошлаган. Ўқишни тамомлагач, уни дарс бериши учун институтда олиб қолишган. Аммо бу билан таълим жараёнлари якунланмаган.22 ёшли Ян бастакорлик санъатини ўрганиш учун Берлинга, икки йилдан кейин эса артистократлар ва илмий элита тўпланувчи Закопанега йўл олган. У ерда мусиқачи Хелена Можевская — ўша вақтларда бутун дунёга машҳур драматик актриса билан танишиб қолган. Уларнинг Краковдаги «Саксония» меҳмонхонасида берган қўшма концерти катта даромад келтирган ва Падеревский ўз орзусини амалга оширишга муваффақ бўлган: йигит Венага бориб, машҳур Теодор Лешецкий қўлида фортепиано мусиқасини ўрганган. Ян тўрт йил давомида мусиқа чалиш техникасини ўрганган ва бир вақтнинг ўзида бутун Европа бўйлаб концертлар берган. 1888 йил мартда Парижда берган концертидан кейин унга «иккинчи Шопен» номи берилган.
«Париж, Брюссель, Прага, Вена ва Германияда ном қозондим; қарзларим камайди ва мен оркестрли фортепиано учун концерт ёздим», — деганди Ян Падеревский.
Падеревскийнинг машҳурлиги кун сайин ортиб борган: у княз Радзивилларникида мусиқа чалган, испан ва инглиз маликалари, аристократлар олами, сиёсатчилар, дипломатлар билан танишган. У бутун Европани забт этганди. Эндиги навбатда Америка эди. У биргина Нью-Йоркнинг ўзида 32 та концерт берган ва кенг аудитория тўплаб, яхшигина фойда кўрган. Пианиночи АҚШдаги польшалик мигрантлар билан алоқа ўрнатган ва у ердаги сиёсий доираларга кирган, бироқ у пайтларда Ян сиёсий фаолият билан шуғулланиш ҳақида ўйламасди. Игнаций гастролларини давом эттирган — Австралия, Янги Зеландия, Жанубий Америка, Европадаги чиқишларини ҳам қолдирмаган.
Падеревскийнинг шахсий ҳаёти аввалига фожиавий кечган: 20 ёшида уйланган Антонина Корсакувна тўйдан бир йил ўтиб, ўғли Алфред дунёга келганида вафот этган. Болакай ҳам бутун умр фалажликдан азият чеккан ва ёшлигида оламдан ўтган. 1899 йилда Падеревский яна оила қуришга қарор қилади ва Хелена Гурскаяга уйланади.
Гап-сўзларга кўра, Падеревский ўзининг машҳурлиги ортидан келган потенциал сабаб сиёсатчига айланган. Унинг сиёсий фаолияти бошланиши 1910 йилга, мусиқачи Краковда нутқ ирод этганига тўғри келади. Шу йилнинг ўзида Шопен юбилейи нишонланган Львовда у машҳур нутқини сўзлаган. Бироқ сиёсатга Биринчи жаҳон урушидан кейин жиддий қизиқиш билдирган. У 1915 йилда Генрик Сенкевич томонидан асос солинган Польшадаги уруш қурбонларига ёрдам кўрсатиш Бош қўмитаси фаолиятида иштирок этган. Шу йили мусиқачи Швейцариядан жўнаб кетган, Франция ва Буюк Британия орқали АҚШга етиб бориб, Польша мустақиллиги бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашни бошлаган.
Падеревский танишлари ёрдамида 1917 йили АҚШ президенти Томас Вудро Вилсон билан танишишга муваффақ бўлган. 1918 йил 8 январда у тинчлик ҳақидаги номасида Польша мустақиллиги масаласини Европада келажакдаги тинчлик учун 14 шартдан бири сифатида тан олган.
1918 йил декабрда Падеревский Британиянинг «Konkord» крейсерида Гданскка етиб келган. Эртаси куни у Познанига қадар етиб олган. Унинг ташрифи шаҳарда ватанпарварлик норозиликларини бошлаб юборган ва у немисларга қарши Буюк Польша қўзғалонига айланиб кетган — поляклар бу сафар ғалаба қозонган.
1919 йил 25 январь куни Ян Вазирлар Кенгаши раиси сифатида ўз кабинетининг биринчи йиғилишини ўтказган, шу билан бирга у ташқи ишлар вазири вазифасини ҳам бажарган. 1919 йил 28 июнь куни Падеревский Версал шартномаси остида ўз имзосини қўйган — бу Биринчи жаҳон урушининг якунланишида муҳим ҳужжатга айланган эди. Версал шартномасининг муҳим жиҳатларидан бири Польшага Пруссия ерларининг катта қисмини бериш эди.
Аммо мухолифатнинг кескин чиқишлари сабаб Падеревский охир-оқибат кабинети истеъфосини эълон қилган ва 1920 йилда Польшадан бутунлай чиқиб кетган. Ян Варшавадан Швейцарияга қайтган ва концертлар беришни бошлаган, шу билан бирга у польшалик ёш мусиқачиларни қўллаб-қувватлаган.
1939 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланган, Падеревский ёши кексайиб қолган бўлса-да четда турмаган. У сиёсатчиларга мактублар йўллаб, радиода чиқишлар қилган, 1940 йил январда Польша Миллий Кенгашининг инаугурация мажлисида нутқ сўзлаб, поляк халқининг омон қолишига ишонч билдирганди.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)