Қашқадарё вилоятининг Касби туманида хорижий компания 560 туп дарахтни кўчириб, 2,8 миллиард сўм зарар етказди. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, бошқармага 9 январь куни шу туманда яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, Indorama Agro МЧЖ ХК томонидан Касби тумани «Назартепа» МФЙдаги Наврўз ҳудудида ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтлар техника ёрдамида илдизлари билан кўчириб ўтказилганини маълум қилган.
Мурожаат инспекторлар томонидан бориб ўрганилган. Ўрганиш давомида Indorama Agro МЧЖ ХК томонидан жами 560 туп ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтларни тартиб-қоидаларга амал қилмасдан кўчиргани оқибатида дарахтларга зарар етказилгани аниқланган.
Ноқонуний, рухсатсиз ҳамда дарахтларни кўчириш тартиб-қоидаларига амал қилинмасдан кўчирилганлиги натижасида етказилган зарар ҳисобланганда табиатга, ўсимлик дунёсига 2 миллиард 824 миллион 495 минг сўмни ташкил этган.
Табиатга етказилган зарарни ундириш учун ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Изоҳ (0)