5 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан ўзини поезд остига ташлаган немис миллиардери, «Прага баҳори»нинг бошланишига сабабчи бўлган Дубчек ҳамда Қозоғистонда газ нархи ошиши сабаб юз берган оммавий норозиликларга оид фактлар ўрин олган.
Ўзини поезд остига ташлаган немис миллиардери
2009 йил 5 январь куни Германияда 74 ёшли миллиардер Адолф Меркле ўз жонига қасд қилганди. У кечаси Блаубойрен шаҳарчасидаги уйидан чиқиб, поезд рельсига ётиб олган. Меркленинг жасади соат 20:00 ларда темир йўл ходими томонидан топилган. Миллиардер оиласига видолашув мактубини қолдирган бўлиб, унда кечирим сўрагани ёзилган. У нима сабабдан ўз жонига қасд қилмоқчилиги ҳақида ёзмаган, аммо Меркле империяси юз тутган оғир вазият бу борадаги тахминларга сабаб бўла оларди.
Адолф Меркленинг ўлими нафақат Блаубойрен шаҳри, балки бутун Германия аҳолиси учун ҳақиқий жудоликка айланган. Forbes журнали маълумотларга кўра, унинг бойлиги 7,3 миллиард долларга баҳоланган. Меркле дунёнинг энг бадавлат 100 та инсони рўйхатига кириш билан бирга, XIX асрда шаклланган анъанавий немис тадбиркори образига содиқ эди.
Меркле ўз бизнесини майда ишдан бошлаган бўлиб, кейинчалик энг юқори чўққига чиққан. Маълумоти бўйича юрист бўлган Адолфга 1967 йилда бобоси томонидан 1881 йилда асос солинган Dragon und Chemikalien оилавий фирмаси мерос бўлиб қолади. Фирмада 80 га яқин ходим ишлаган, йиллик айланма маблағи эса 4 миллион марка атрофида бўлган. Меркле бўлса уни 100 минг ходим ишлайдиган, йиллик айланма маблағи 30 миллиард еврога етадиган ҳақиқий империяга айлантирган. Мерклега муваффақият 1973 йилда Блаубойренда Ratiopharm фармацевтика компаниясига асос солганидан кейин келган.
Бундан ташқари, Меркле оиласи компаниялари гуруҳига катталиги бўйича Германияда биринчи, Европада эса иккинчи бўлган дорихоналар тармоғи — Phoenix Pharmahandel AG, шунингдек, мамлакатда цемент ишлаб чиқариш бўйича йирик компания — HeidelbergCement кирган. 1999 йилда Меркле оиласи Kaessbohrer юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи компаниядан улуш сотиб олган, кейинроқ эса бу улушини 89 фоизга етказган. 1989 йилда Адолф Меркле собиқ қироллик оиласи Гогенсоллерлар вакили томонидан асос солинган Zollern GmbH & Co. KG компанияси акцияларининг йирик пакетини сотиб олган. Гуруҳ двигателлар, қуйма техника ва машинасозлик билан шуғулланган.
Ваниҳоят Адолф Меркле 1997 йилда электродвигатель ва генераторлар ишлаб чиқарувчи VEM компаниялар гуруҳи эгасига айланган. Бутун саноат империясини бошқариш учун VEM Vermoegensverwaltung инвестиция холдинги ташкил этилган. Шу билан бирга, Меркленинг ўзи ҳеч қачон бойлиғи билан мақтанмаган, пулни ҳавога совурмаган ва камтарона ҳаёт кечирган. Таъкидланишича, у Ratiopharm’нинг Блаубойрендаги бюросига велосипедда қатнаган, ёмғирда эса VW Golf’да юрган. Сафарлар учин доим поездларнинг иккинчи классидан чипта харид қилган. Хайрия билан мунтазам шуғулланган: музейлардан бирига бир неча миллион ажратган, талабалар учун ҳар йили бериладиган 20 минг евролик мукофот таъсис этган.
Меркле ўрмон ва тоғларда сайр қилишни, қишда эса тоғ чанғиси билан шуғулланишни хуш кўрган. Маълумот учун, Австриядаги Кляйнвалзертал тоғ-чанғи курортидаги кичик тоғ темир йўли Меркле оиласига тегишли бўлган. Бошқа маълумотларга кўра, бутун курорт оиланики экани айтилади. Меркле баъзан кондуктор сифатида йўловчиларга шахсан ўзи чипта тарқатгани билан машҳур. У доим оддий инсонлар қуршовида ўзини қулай ҳис қилишини таъкидлаб келган.
Шундай бахтли ҳаёт кечирган 74 ёшли қариянинг уйдан чиқиб, рельсга ётишига нима сабаб бўлган? Бунга миллиардернинг фаровон ҳаёти ниқоби билан яширинган шахсий ҳаётидан жавоб топиш мумкин. Адолф Меркле саноат империясининг шунчаки эгаси бўлмаган, у солиқлардан қочиш, даромадларни оффшорларга йўналтириш, охирги вақтларда эса биржада фаол ўйнаш билан машҳур эди. У тезкор операцияларни яхши кўрган ва ўзини дей-трейдер деб атаган. Шунга қарамай, айнан биржадаги таваккал ўйинлар Меркле империясини жар ёқасига олиб келган.
Миллиардер бошқа кўплаб немис биржа чайқовчилари каби Volkswagen акцияларида «куйиб қолган». Меркле нархларни пасайтиришга ўйнаган. У Volkswagen акциялар пакетини сотиш учун қарз олган ва улар азонлашни давом этади дея ўйлаб, уларнинг барчасини сотиб юборган. Кун охирига келиб эса акцияларни янаям арзонроқ нархда харид қилиб, фойда кўрган. Аммо кутилмаган воқеа содир бўлади: 2008 йил октябрда Porsche Volkswagen’нинг катта миқдоридаги акцияларига эгалик қилишини эълон қилган. Немис автомобилсозлик компаниясининг қимматли қоғозлари нархи тезда кўтарилиб кетган. Бундан ташқари, Адолф Меркле ДАХ индекси ўсишига умид қилган, аммо бу ҳам хато бўлиб чиққан. Меркле биргина Volkswagen акцияларининг ўзида 200 миллион евросидан айрилган.
Шундан кейин домино реакцияси бошланган. Адолф Меркле олдинроқ 30 та банкдан олган кредитларини тўлашга қийналган. Бутун империя банкротлик ёқасига келиб қолган, унинг қарзи эса 1 миллиард еврога етган, бошқа маълумотларга кўра, қарз 16 миллиардни ташкил этган. Меркле кредит берган банклар билан узоқ ва мураккаб музокараларни бошлаган. Охир-оқибат келишувга эришилган: Мерклега муддат берилган. Бундан ташқари, банклар Меркле компаниялар гуруҳини сақлаб қолиш учун 400 миллион евро миқдорида қўшимча маблағ ажратиш масаласини кўриб чиқишга рози бўлган. Аммо улар битта шарт қўйган: Меркленинг ўзи бошқарувдан кетиши керак эди.
Маълумки, қисқа муддатга бериладиган кредит Адолф Меркле империясини қутқариб қола олмас эди, шу сабабли корхоналарнинг бир қисмини сотишга тўғри келарди. Сотиладиган асосий компаниялар эса Ratiopharm ва HeidelbergCement эди. Шундай қилиб, Адолф мутлақо чорасиз аҳволда қолган: корхоналарини сақлаб қолиш учун у бошқарувдан кетишга ва компанияларини сотишга рози бўлган.
Меркленинг барибир умргузаронлик қилишга етадиган маблағи қолар эди, аммо «катта мактаб» немис бизнесмени учун пул эмас, балки оила биринчи ўринда эди. Бундай муфаққиятсизликни у профессионал ва шахсий омадсизлик деб ҳисоблаган. Вафоти куни Адолф Меркле банклар томонидан таклиф қилинган схема билан боғлиқ барча ҳужжатларни имзолаган. Аммо патқалам жойига қўйилгач, унинг ҳаёти ўз мазмунини йўқотган ва Адолф поезд остига ётган.
«Прага баҳори»нинг бошланишига сабабчи бўлган Дубчек
1968 йил 5 январь куни Александр Дубчек Чехословакия Коммунистик партияси биринчи котиби лавозимига сайланиб, мамлакатда либераллашув жараёнини «расман» бошлаб берган эди.
Озодлик ниҳоллари Варшава шартномаси бўйича совет танкларини ва Совет иттифоқчилари қўшинлари томонидан топталган бўлса-да, «Прага баҳори» деб атала бошлаган давр чехлар ва словакларга йигирма йиллик коммунизм ҳукмронлигидан сўнг чинакам ёрқин келажакка умид бахш этганди.
«Дубчек сайланганидан кейин ҳақиқатда мусаффо шамол эсётганини ҳис қилиш мумкин эди. Бу унутиб бўлмас, ажойиб дамлар эди. Одамлар эркин нафас ола бошлади. 20 йиллик давр ўтиб кетиб, ваниҳоят яхши ва қувончли нимадир бошлангандек эди. ‘Темир парда’ йўқолиб, дунё бизга очилганди», — дея эслайди «Прага баҳори»нинг рамзлардан бирига айланган марта Кубишова. У 1968 йилнинг январида таниқли қўшиқчи, Golden Kids гуруҳининг машҳур вокалчиси бўлган.
Чехиялик тарихчи Пётр Блажекнинг айтишича, Дубчекнинг ҳокимият тепасига келиши «Прага баҳори» йўлидаги занжирнинг охирги боғига айланган. Бундан олдин 1950 йилларнинг охири ва 1960 йилларнинг бошларида Чехословакия ва Польшада сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши, 1967 йилда чехословакиялик ёзувчиларнинг норозиликлари ва иқтисодий ислоҳотларнинг шошилинч зарурати бор эди.
Дубчек томонидан жорий этилган энг радикал янгилик бу 1968 йил апрелда цензуранинг бекор қилиниши бўлган. Бунинг самараси бўлган, аммо икки томонлама. «Бунга қадар цензура бўлган жамиятда инсонларга сўз эркинлиги берсангиз ўзингиз ҳам мунтазам танқидларга учрай бошлайсиз. Дубчек ҳаддан ортиқ радикал бўлгани учун ҳам, етарлича радикал бўлмагани учун ҳам танқид қилинарди», — дейди тарихчи Ян Адамек.
Прага ислоҳотчилари (ҳеч бўлмаганда ислоҳотларнинг ўша босқичида) Коммунистик партияни етакчилик ролидан маҳрум қилиш ниятида бўлмаган. Аммо СССР раҳбарияти, шунингдек, ГДР ва Болгария ислоҳотларни юқоридан ҳам, пастдан бўлаётган босимлар билан ҳам кузатган — Чехословакия халқи катта-катта ўзгаришларни истарди. 1968 йил 21 августда Варшава шартномаси қўшинлари Чехословакия ССР ҳудудига кирган — миллионга яқин аскар ва офицерлар: «баҳор» тугаган, совет оккупацияси бошланган.
Қўшинларнинг киритилиши ва норозилик намойишлари бостирилаётган пайтда Марта Кубишова Дубчекни оммавий равишда қўллаб-қувватлаган. У тинчликка чақирувчи баллада ёзган бўлиб, қўшиқ кейинчалик Чехословакия қаршилик кучларининг мадҳиясига айланган. Ушбу қўшиқ кўп ўтмай эфирлардан олиб ташланган, қўшиқчининг ўзига эса 20 йил давомида тадбирларда чиқиш тақиқланган.
«Прага баҳори» етти ойдан кўпроқ давом этган. У деярли барча ислоҳотларнинг бекор қилиниши билан якунланган. Зиёли қатлам ва ёшларнинг катта қисми Ғарбга кўчиб кетган. Аммо озодлик таъми коммунизм қачондир тугашига умид бериб турган.
Социалистик тизим қулагач, Чехия, Словакия, Германиянинг давлат хавфсизлик архивлари очилганидан кейингина босқиннинг тафсилотлари ошкор бўлган. «Прага баҳори» вақтида Шарқий Германия Давлат хавфсизлик вазирлигининг ўнлаб агентлари чехославакиялик фаолларни кузатиб юрган. Варшава шартномасига кўра қўшинлар киритилгач, айнан шу агентлар мухолифатчиларни таъқиб қилиш, энг итоатсизларни жиловлаш, ер ости босмахоналари ва радиостанцияларни вайрон қилиш бўйича экспертга айланган.
21 август куни тонгги соат 04:30 да совет қўшинлари бронотехника ва танклар ёрдамида Чехословакия коммунистик партияси Марказий қўмитаси биносини ўраб олган. Соат 10:00 да Дубчек, бош вазир Черник, парламент раиси Смрковский, Миллий фронт раҳбари Кригел ва яна бир қатор юқори мансабли шахслар қўлга олиниб, БТРларда аэродромга олиб борилган ва Москвага олиб кетилганди.
Уларни бир неча кун давомида Москвада тутқунликда ушлаб турилган, сўнг уларга 15 пунктдан иборат, СССР манфаатлари бирламчи инобатга олинган баённомага имзо қўйишни таклиф этишган. Аммо Дубчек ҳужжатни имзолашга рози бўлмаган. Шундан сўнг Москва Чехословакия коммунистик партияси биринчи котиби Дубчекни «соғлиги ёмонлашгани учун» лавозимдан озод қилиш ҳамда Густак Гусевни унинг ўрнига тайинлаш ҳақида Чехословакия коммунистик партияси номидан қарор эълон қилиб юборган. 23 августда янги қўғирчоқ раҳбар Густак Гусев СССР талаб қилган протоколни имзолаб берган. Шундан сўнг Чехословакиянинг Москвага тутқун сифатида келтирилган раҳбарлари ортга қайтарилганди.
Орадан бироз ўтиб, Дубчек Чехословакия коммунистик партияси сафидан ўчирилган ва уй қамоғига олинган. У 1985 йилда, СССР тахтига Михаил Горбачёв келиб, ошкоралик ва қайта қуриш бошланганида уй қамоғидан озод бўлган ва Чехословакия озодлиги учун ҳаракат бошлаган. Дубчек 1989 йилда Чехословакия коммунистик тузумдан қутилишида муҳим роллардан бирини бажарган. Бироқ у 1992 йилда автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлган.
Қозоғистонда газ нархининг ошиши сабаб юзага келган оммавий намойишлар
Қозоғистонда газ нархи кескин ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари бошлангани сабаб 5 январь куни мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганди.
2 январь куни Жанаўзен шаҳрида (Манғистов вилояти) автомобиль эгалари 1 январдан бошлаб литри 60 тенгедан (1 492 сўм) 120 тенгега (2 984 сўм) кўтарилган суюлтирилган газ нархини пасайтириш талаби билан митингга чиққан. Худди шундай митинглар бутун вилоят, жумладан, вилоят маркази Ақтов шаҳрида ҳам бўлиб ўтганди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматга «Жанаўзендаги вазиятни зудлик билан иқтисодий мақсадга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий соҳада кўриб чиқиш»ни топширади. 3 январь куни Қозоғистон ҳукумати давлат раҳбари номидан Манғистов вилоятидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни кўриб чиқиш бўйича комиссия тузилганини эълон қилган ва суюлтирилган нефть гази нархини тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга ваъда берганди.
Манғистов вилоятидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари эгалари ўз ташаббуси билан газ нархини бир литр учун 120 тенгедан 85-90 тенгега (2 200 сўм атрофида) туширишга рози бўлган. Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги томонидан ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига нисбатан нархни белгилашда ўзаро тил бириктириш бўйича суриштирув ишлари бошланган.
4 ва 5 январь кунлари Олмаотада намойишчиларнинг хавфсизлик ходимлари билан тўқнашуви кузатилганди. Қозоғистондаги тартибсизликлар фонида мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев КХШТдан тинчликпарвар кучларини юборишни сўраганди. 6 январдан Қозоғистонга КХШТ ҳарбийларини жўнатиш бошланган.
11 январь куни Тўқаев мамлакатдаги вазият барқарорлашгани, икки кундан кейин тинчликпарвар кучларни олиб чиқиш бошланиши мумкинлигини маълум қилди. 19 май куни Россия Қозоғистондан тинчликпарвар кучларини олиб чиқишни якунлаганди.
Тўқаевнинг сўзларига кўра, КХШТ Қозоғистон учун оғир вазиятда кўмак кўрсатган, уларнинг келиши Олмаотани ҳужумчилардан озод этиш имконини берган. Олмаота ва тўққизта вилоят марказлари уларнинг қўлига ўтиб кетган пайт бўлди, бироқ КХШТ контингенти келиб, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳрини ҳужумчилар қўлидан олиб қўйишга ёрдам берди, деганди мамлакат президенти.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти — айни пайтда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистонни ўз ичига олган Евросиё ҳукуматлараро ҳарбий иттифоқи. Ташкилотни тузиш ҳақидаги шартнома 1992 йил 15 майда имзоланган. КХШТ мақсадлари тинчликни, халқаро ва минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатлар мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини коллектив асосда ҳимоялашдан иборат.
Кейинроқ Қозоғистонда январь ойида содир бўлган оммавий тартибсизликлар оқибатида қўлга олинган 18 нафар хорижлик ҳамон ҳибсда қолаётгани, уларнинг аксариятини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этиши тўғрисида маълум бўлганди.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)