Қозоғистон Мажилиси (парламентнинг қуйи палатаси) конституцияга биринчи президент Нурсултон Назарбоев тўғрисидаги қонунни бекор қилувчи ўзгартиришлар киритишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати тарқатган ялпи мажлис кун тартибига таяниб, Tengrinews хабар берди.
Депутатлар кун тартибида кўрсатилган «Қозоғистон республикасининг биринчи президенти — элбоши тўғрисида»ги конституциявий қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.
Хусусан, мамлакат конституциясининг 46-моддасидан биринчи президентнинг мақоми ва ваколатлари конституция ва тегишли конституциявий қонун билан белгиланади, деган бандни олиб ташлаш режалаштирилмоқда. Ҳозирда Назарбоевни президентлик даврида қилган ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Шунингдек, уни ушлаб туриш, ҳибсга олиш ва қамоқда сақлаш, тинтув ёки сўроқ қилиш мумкин эмас.
2022 йил январь ойида Қозоғистонда газ ёнилғиси нархининг кескин ошиши туфайли норозилик намойишлари бўлиб ўтди, бироқ тез орада иқтисодий сабаблар сиёсий сабабларга айланиб кетди. Хусусан, намойишчилар Назарбоевдан сиёсатни тарк этишни талаб қилди. Натижада собиқ президент бир қатор лавозимларидан айрилди ва конституциянинг янги таҳриридан унга тегишли барча ҳаволалар олиб ташланди.
Изоҳ (0)