Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушдан мақсад рус халқини бирлаштириш эканини айтди. У «Россия 1» телеканалига берган интервьюсида бу ҳақда гапирди.
Путиннинг айтишича, Россия 2014 йилдаги «давлат тўнтариши»дан кейин Украинада яшовчиларни «ҳимоя қилишга» мажбур бўлган. У Украинадаги уруш замирида «геосиёсий рақибларнинг Россияни, тарихий Россияни ажратиб олишга қаратилган сиёсати» ётганини билдирди.
«Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил. Улар ҳар доим шундай қилишга ҳаракат қилган ва ҳозир ҳам бунга интилмоқда. Бизнинг мақсадимиз эса бошқа нарса — рус халқини бирлаштириш», — деди Кремль раҳбари.
Россия хавфли чизиққа яқинлашяптими, деган саволга Путин шундай жавоб берган: «Менимча, бу унчалик ҳам хавфли эмас. Биз тўғри йўналишда ҳаракат қиляпмиз, миллий манфаатимиз, фуқароларимиз, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилмоқдамиз, деб ҳисоблайман. Фуқароларимизни ҳимоя қилишдан бошқа иложимиз йўқ», — деди у.
Украинадаги уруш — Россия баёнотлари
Россия неча бор уларнинг армияси Украина қуролли кучлари билан эмас, балки НАТО қўшинлари билан жанг қилаётганини таъкидлаган. Россиянинг Украинага бостириб киришининг бошида Кремль урушни «демилитаризация» ва «деназификация»ни амалга ошириш зарурати билан изоҳлаганди.
16 декабрь куни Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинага қарши урушда фуқаролик инфратузилмаси объектлари ҳам «қонуний ҳарбий нишон» бўлиши мумкинлигини айтган.
23 декабрь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков рус қўшинлари Украинани «демилитаризация қилиш»да «катта ютуқларга эришганини» билдирган.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)