Украинадаги уруш 2023 йилда ҳам давом этиши мумкин, деди Туркия мудофаа вазири Ҳулусий Акар. Унинг фикрича, Ғарб давлатларининг Киевни қўллаб-қувватлаётгани, Россия эса ўз позициясини юмшатмаётгани шундан далолат бермоқда.
«Бу уруш осонлик билан тугамайдиганга ўхшайди. АҚШ, Европа ва Ғарбнинг қўллаб-қувватлови давом этмоқда. Шунга мувофиқ Украина ҳарбийларини тайёрлашмоқда, режалар ўз кучида қолмоқда ва бюджетлардан маблағ ажратилмоқда. Бошқа томонда Россиядан янграётган баёнотлар. Буларнинг барини бирлаштирсангиз, сулҳ ва тинчлик ўрнатиш учун барча яхши ният ва истакларимизига қарамай, бу уруш катта эҳтимол билан 2023 йилда ҳам давом этади, десак хато бўлмайди», — деди Акар.
Шунингдек, у Туркия «барча қўшнилари»нинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақиришини таъкидлади.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бир неча бор Ғарб давлатларини Россия билан мулоқотга чақирган.
Шунингдек, октябрь ойида Анқара Путин ва Зеленскийни учраштиришнинг ҳозирча ҳеч қандай имкони йўқлигини билдиргани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)